Жамият | 15:15 / 16.07.2024
8173
2 дақиқада ўқилади

Тошкент вилоятида ноқонуний чиқиндихона ташкил этган шахс қарийб 4 йилга қамалди

Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида Чирчиқ дарёси ўзанида туман ҳокимлиги захирасида бўлган ер майдонини 2023 йилнинг май ойидан 2024 йилнинг январ ойига қадар ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ҳеч қандай махсус рухсатномаларга эга бўлмасдан ноқонуний чиқиндихона ташкил қилган фуқарога суд ҳукми ўқилди.

Фото: Экология вазирлиги

Экология вазирлиги давлат инспекторлари томонидан Чирчиқ дарёсида навбатдаги рейд тадбирлари олиб борилган. Рейд давомида ўрганиш натижасида фуқаро М.Д. дарё ҳудудига чиқиндилар тўкиб, тўғон ҳосил қилгани аниқланган. Фуқаро бир неча бор огоҳлантирилишига қарамасдан, қурилиш чиқиндиларини ўзбошимчалик билан ташлаб кетган.

Судда М.Д.нинг тоифаланган ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар режимини бузиб, ноқонуний чиқиндихона ташкил қилганлиги, ҳудудга чиқиндиларни маълум маблағ эвазига жойлаштириб келганлиги ўз исботини топган. Фуқаро дарёга 126.433,70 м3 чиқинди ташлангани оқибатида давлат манфаатларига 3 миллиард 68 миллион 206 минг 171 сўм миқдорда зарар етказган.

Шунингдек, М.Д. «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 22-моддаси ҳамда «Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида»ги қонуннинг 41-моддасини қўпол равишда бузган.

Суд Жиноят кодексининг 59-, 61-моддаларига асосан фуқаро 3 йил-у 9 ой муддатга озодликдан маҳрум қилди. Шунингдек, ундан давлат фойдасига 3 миллиард 68 миллион 206 минг 171 сўм зарар ундирилиши белгиланди.

Мавзуга оид