Ўзбекистон | 19:00 / 06.12.2018
38288
3 дақиқада ўқилади

ЙПХ ходимлари томонидан автомобилларни «таъқиб қилиш» ва «кузатиш» ўртасидаги фарқ тушунтирилди

Тошкент шаҳар ички ишлар Бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасида ШИИББ томонидан ташкиллаштирилган ҳамда журналистлар иштирокида бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги «Йўл патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги қарори юзасидан тушунтириш берилди.

Йўл патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиш тартиби ҳақида Тошкент ШИИББ ЙҲХБ бошлиғининг ўринбосари Азиз Собиров сўзлаб берди.

Жумладан, ҳукумат қарорида «йўл ҳаракати қатнашчиси», «йўл партуль хизмати ходими», «йўл транспорт ҳодисаси», «йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш», «махсус мосламалар», «махсус тадбирлар», «таъқиб қилиш» ва «кузатиш» деган атамалар изоҳи бериб кетилган.

А.Собиров «таъқиб қилиш» атамасига тўхталиб, фуқаролардан бўлаётган мурожаатларда, оммавий ахборот воситаларидан тушаётган сўровларда «йўл патруль хизмати инспектори автомобилни қувиши мумкинми?» деган савол кўп учраётганига урғу берди. Ҳукуматнинг янги қарорида бу масалага ҳам ойдинлик киритиб ўтилгани таъкидланди.

«Таъқиб қилиш» деганда жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахслар салонида бўлаётган транспорт воситаси ҳайдовчиси йўл патруль хизмати ходимининг тўхташ тўғрисидаги қонуний талабини бажармаганда, транспорт воситасининг ҳаракатига чек қўйиш ҳамда гумонланувчини ушлаш мақсадида транспорт воситасининг ортидан қувиш тушунилиши белгиланган.

«Кузатиш» деганда ҳайдовчиси томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этилган транспорт воситасини дислокациялар бўйича кузатиб бориб, ортидан қувмасдан тўхташга ундаш тушунилади.

Шунингдек, А.Собиров 2019 йилнинг 1 июлидан бошлаб барча ЙПХ ходимлари боди-камера билан таъминланиши, йўлда ҳаракатланаётган ҳайдовчилар ҳам йўл нозири ўзаро муносабатларни аудио, фото ва видеофиксация қилиш ҳуқуқига эга эканликлари ҳақида сўзлаб берди.

Ҳайдовчи шунингдек, ЙПХ ходимларининг кузатиш ва фиксация қилиш қурилмаларининг сертификатларини, дислокация харитасини ҳайдовчининг талабига кўра тақдим этиш қоидаси жорий этилаётганини айтиб ўтди.

ЙПХ ходимларининг ҳайдовчилар ва йўловчилар билан муомала маданияти қандай бўлиши белгиланганини ҳам гапириб берди.

Мавзуга оид