Олмалиқда ЙПХ ходими «юқоридан келган» буйруқ билан қоидабузар ҳайдовчини қўйиб юборишга мажбур бўлди
Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳри ҳудудида ЙҲХ ходими томонидан қоидабузарлик учун тўхтатилган қора рангли Malibu-2 автомобили ходимга «юқоридан берилган» буйруқ туфайли қўйиб юборилди.
«Тошкент» телеканалида эфирга узатилган «Пойтахт йўлларида» кўрсатувида йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан йўл қўйилган ҳолат намойиш этилди. Видеода кўриш мумкинки, ўзини вилоят ЙПХ ходими деб таништирган инспектор қора рангдаги Malibu-2 автомобилини ҳайдовчи хавфсизлик камарини тақмасдан ҳаракатлангани учун тўхтатган. Инспектор ҳайдовчидан барча ҳужжатлар, хусусан, тонировка рухсатномасини сўрайди.
ЙПХ ходими планшетда баённома расмийлаштиришга киришади. Унинг ҳаракатларига эса автомобилнинг орқа ўриндиғидаги шахсдан эътироз билдирилади.
Шу дақиқада ЙПХ ходимига рация орқали раҳбарларидан бири боғланади. У рация орқали ходимга «унга ҳам телефон бўлгани, ушлаб турган автомобилини кўп гапирмасдан оқ йўл тилаб қўйиб юбориши кераклиги»ни айтади. Шундан сўнг, ЙПХ ходими буйруқни бажариб, Malibu’ни қўйиб юборади.
Давлат рақам белгиси 01 584 ААА бўлган Malibu салонидаги номаълум шахс кетиш олдидан ЙПХ ходимининг исми ва фамилиясини сўраб олади.
Kun.uz ҳолат бўйича изоҳ олиш учун ИИВ ЙҲХББ билан боғланди. ЙҲХББ ахборот хизмати ҳолат юзасидан Тошкент вилоятида суриштирув ўтказилаётгани, яқин фурсатларда расмий маълумот берилишини айтди.
Қайд этиш жоиз, ЙПХ ходимлари томонидан нуфузли шахслар ва амалдорларнинг автомобиллари қоидабузарлик бўлганидан қатъи назар тўхтатилмаслиги, қонун барчага бирдай ишлаши лозимлиги бўйича жамоатчиликда доимий эътирозлар бўлиб келган. Бироқ, ЙҲХББ бундай ҳолатларни доимий равишда инкор қилиб келади.
Мавзуга оид
19:57 / 22.11.2024
«Тошкент вилояти сув таъминоти» АЖ мутахассиси 1,6 минг доллар билан ушланди
21:23 / 21.11.2024
Тошкент вилоятида ҳожатхона учун қазилган чуқурга тушиб кетган фуқаро қутқарилди
14:12 / 15.11.2024
Дилшод Султонов шаҳар ҳокимлигидан ҳам кетди
08:14 / 14.11.2024