Ўзбекистон | 14:13 / 02.08.2021
61072
4 дақиқада ўқилади

Олмалиқда ЙПХ ходимига «Қора Малибу»ни қўйиб юборишни буюрган командирга чора кўрилгани маълум қилинди

«Қора Малибу» воқеаси 28 июль куни Олмалиқ шаҳрининг Мирзо Улуғбек кўчасида содир бўлган. Ўзини Аброр Исмоилов деб таништирган ЙПХ ходими «Ўзбектемир йўлмаштаъмир» унитар корхонасига тегишли бўлган автомобилни ҳайдовчи ҳаракат вақтида хавфсизлик камаридан фойдаланмагани учун тўхтатган.

Тошкент вилояти ИИБ матбуот хизмати Олмалиқ шаҳрида ЙПХ ходими томонидан тўхтатилган «Малибу» воқеаси бўйича қўшимча маълумот берди.

«Жорий йилнинг 28 июль куни Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳар ҳудудида ўтказилган назорат-рейд тадбирлари давомида М.Улуғбек кўчасида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими А.Исмоилов томонидан «OʼZTEMIRYOʼLMASHTAʼMIR» унитар корхонасига тегишли бўлган «Малибу» русумли автомобиль ҳайдовчиси ҳаракат вақтида хавфсизлик камаридан фойдаланмагани сабабли тўхтатилган.

Текширув давомида транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи барча ҳужжатлар ҳайдовчининг ёнида бўлган.

Ҳайдовчига нисбатан МЖтКнинг 125-моддаси 1-қисмга (хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларини бузиш) асосан EV-21 серияли 10-972827 рақамли электрон шаклдаги баённома расмийлаштирилган.

Маъмурий баённомани расмийлаштириш жараёнида ЙПХ ходимининг командири алоқага чиқиб, кўп ушлаб турмаслигини, ҳайдовчига нисбатан «хушмуомала»да бўлишини айтиб, транспорт воситасини қўйиб юборишини айтган. Шундан сўнг ҳайдовчи ҳаракатни давом эттирган.

Ушбу ҳолатда (рация орқали боғланган) 2-минтақавий ҳудуд ЙПХ отряди командири амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларини бузгани учун интизомий жазоланди», дейилади расмий маълумотда.

Маълумотномада инспектор Аброр Исмоилов бўйича маълумот йўқ, шунингдек, автомобил салонида ўтириб, у билан савол-жавоб қилганнинг ҳам, инспекторга телефон қилиб, буйруқ берганнинг ҳам шахсига аниқлик киритилмаган.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятида қоидабузар ҳайдовчини тўхтатган ЙПХ ходими рация орқали «юқоридан» келган буйруқ сабаб уни қўйиб юборишга мажбур бўлгани тасвирланган видео тарқалганди. 

Унда хизмат вазифасини бажариб, ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириш вақтида ЙПХ инспекторига рация орқали алоқага чиқилгани ва Malibu’ни қўйиб юбориш бўйича буйруқ берилганини кўриш мумкин. «Телефон қилишди, қанақа машинани ушлаб турибсан?.. Қўйвор бўлди, кўп гапирмасдан. Яхши етволинг деб тушунтирвор», деган буйруқ берувчи овоз.

Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи матбуот котиби Бобур Туляганов телеграм каналида ушбу ҳодисага муносабат билдирган.

«Тошкент телеканали «Пойтахт йўллари» кўрсатуви орқали эфирга узатилган Олмалиқ шаҳрида ЙПХ инспектори билан бўлган воқеа ижтимоий тармоқлардаги деярли барча фаоллар томонидан муҳокамага қўйилмоқда.

Ҳолат юзасидан ёзилаётган изоҳларнинг асосий қисмини қўллаб-қувватлайман. 

Яъни қуйи тизимда, қуёш тиғида кун бўйи хизмат қилаётган инспектор қоида бузган ҳайдовчини тўхтатса-ю, у ҳозир сенга кўрсатаман деб бошини баланд қилиб ўтирса. 

Кўп ўтмай инспекторга юқоридан чиқиб, (қоидабузар) «ҳайдовчидан узр сўраб, қўйиб юбор. Оқ йўл тила» дейилиши шу инспекторнинг шаштини, ишчанлик обрўсини, ёйинки ғурурини синдиради.

Чамамда алоқага чиқилган вақт, инспектор ҳайдовчига нисбатан (электрон) жарима тузиб бўлган эди. 

Тўхтаманг, қоида бузганнинг олдида бошингизни эгманг, касбингиз билан фахрланинг, ҳурматли ЙПХ инспекторлари», деган у.

Мавзуга оид