Ўзбекистон | 19:29 / 06.12.2018
6274
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёевнинг махсус вакили Буюк Британия Бош вазирининг махсус вакили билан учрашди

2018 йил 6 декабрь куни Лондон шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев ва Буюк Британия Бош вазирининг Афғонистон ва Покистон бўйича Махсус вакили Гарет Бейли иштирокида Ўзбекистон – Британия маслаҳатлашувлари ўтказилди. Унда Афғонистон ва унга туташ минтақадаги вазиятнинг ривожланиши, афғонлараро музокаралар жараёнини бошлаш юзасидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар борасида фикр алмашилди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарга кўра, суҳбат давомида 2018 йил 27 мартда «Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик» мавзуидаги Афғонистон бўйича нуфузли халқаро конференцияда қабул қилинган Тошкент декларациясини амалга ошириш доирасидаги ҳамкорликнинг муҳим йўналишларига алоҳида эътибор қаратилган.

Британия томони Ўзбекистоннинг «Толибон» ҳаракати ҳамда барча Афғонистондаги сиёсий кучлар иштирокидаги тинчлик жараёнига кўмаклашиш бўйича изчил саъй-ҳаракатлари дунё ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланганини қайд этган. Шунингдек, Афғонистонда қўшма ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни, жумладан инфраструктура, маданий-гуманитар ҳамда таълим соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга қизиқиш билдирилди.

Буюк Британияга ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича Махсус вакили Исматулла Иргашев Британиянинг етакчи тадқиқот ва таҳлил марказларида ўтказилган қатор тадбирларда ҳам иштирок этган.

Мавзуга оид