21:10 / 07.12.2018
41955

Биз шуни кутганмидик? — Текстил ва тикув-трикотаж саноати ислоҳоти лойиҳасининг яроқсизлиги ҳақида

Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси муҳокамаси порталида «Текстил ва тикув-трикотаж саноатида соҳанинг экспорт салоҳиятини юксалтиришга йўналтирилган ислоҳотларни янада чуқурлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳужжат лойиҳаси эълон қилинди.

Бу менинг хотирамдаги соҳани бошқаришнинг мавжуд – эскирган тизимини сақлаб қолиш очиқдан очиқ лобби қилинаётган ва маъмурчилик ислоҳотини йўқ қилишга қаратилган иккинчи ҳужжат лойиҳасидир, — деб ёзади иқтисодчи эксперт Юлий Юсупов. — Биринчиси «Электротехника саноатини ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида» деб номланган эди ва у ҳақида ўз вақтида мен мақола ҳам ёзган эдим.

Келинг, бир нечта савол қўйиб, уларга жавоб берайлик:

Соҳалар устидан давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш нега керак?

Айни пайтда иқтисодиётнинг кўплаб соҳалари бозор иқтисодиёти принципларига мутлақо зид бўлган услубларда тартибга солиниб келиняпти. Тартибга солиш билан «ассоциация»лар, «концерн»лар ёки камтаргина «акциядорлик жамияти»ларига айлантирилган собиқ вазирликлар шуғулланишмоқда ва улар ўзига хос бўлмаган қуйидаги функцияларни бажаришмоқда:

  • Соҳани ривожлантириш сиёсатини белгилаш, соҳа ишлаши керак бўлган қоидаларни ишлаб чиқиш (булар вазирлик, ҳукумат ва парламент функциясидир);
  • Мазкур сиёсатни амалга ошириш, масалан, рухсатнома, лицензия бериш, стандартлар ва бошқа нарсаларни белгилаш (бу давлат агентлиги функцияси);
  • Ўрнатилган қоидаларнинг бажарилишини назорат қилиш (давлат инспекцияси функцияси);
  • Соҳа корхоналари манфаатларини илгари суриш (кўнгилли ассоциация функцияси);
  • Тижорат фаолияти (бу билан мустақил тижорат корхоналари шуғулланиши керак).

Буларнинг барчаси билан битта идора шуғулланадиган бўлса манфаатлар тўқнашуви юз бериши шундоқ кўриниб турибди. Биз учун ҳаётий зарур бўлган ислоҳотнинг моҳияти ушбу функцияларнинг барчасини бир биридан мустақил тузилмалар ўртасида ажратилган бўлишига эришишдир. Чунки, битта муассасанинг ўзи сиёсатни белгилаб, ўзи уни амалга ошириши, ўзи шу сиёсат объекти бўлиши ва ўзини ўзи назорат қилиши мумкин эмас, ахир. Бу соғлом тафаккур чегарасидан чиқиб кетган, туриб битган абсурднинг ўзгинаси-ку?! Лекин бугун иқтисодиётимизнинг кўплаб соҳалари айнан мана шундай абсурд усуллар билан бошқарилмоқда. Самарасизлик, монополизм ва коррупцияга ҳам шулар сабаб бўлмоқда.

Хўш, ассоциациями ёки вазирлик?

Энди келинг, текстил соҳасида «ислоҳотларни чуқурлаштириш» учун бизга нималарни таклиф қилишаётганини кўриб чиқайлик. Аллақачон эскирган «Ўзтекстилсаноат» ассоциациясини, «совет даври сарқити» сифатида тугатиш ёки ҳечқурса давлат функцияларидан мосуво этилган тадбиркорларнинг кўнгилли ассоциациясига айлантириш, деб ўйларсиз? Соҳада маъмурий тўсиқларни бартараф этиш ва рақобатни ривожлантириш чораларини қўллашми? Тополмадингиз!

Таклиф қилинаётган ишларнинг биринчиси – ном алмаштириш. «Зўр» таклиф! Новация! Бизга Ўзбекистон текстил, тикув-трикотаж саноати ассоциациясини Ўзбекистон текстил, тикув-трикотаж саноати, пахта-текстил ишлаб чиқариш ва кластерлари Миллий ассоциациясига айлантириш таклиф этилмоқда. Бу нечанчи марта ном алмаштириш эканлигига аниқлик ҳам киритиб ўтирмадим. Чунки бундай идоралар бир неча марта номини алмаштириб, ўз фаолиятини мутлақо ўзгартирмасдан келмоқда.

Бу ҳолда (бу эса энг асосийси!) янги тузилган «ассоциация» раиси ва унинг ўринбосарлари лавозимга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади ва статус бўйича вазир ва унинг ўринбосарларига тенглаштирилади. Мен раис ва унинг ўринбосарларининг ўзларини сидқидилдан вазир ва вазир ўринбосарлари деб ҳисоблашлари, лекин қандайдир арзимас расмиятчилик туфайли ўзларини бундай атай олмасликлари борасидаги ҳиссиётларини тушунаман. «Статусга тенглаштирилганлик» билан кифояланишга тўғри келади. Албатта, алам қилади. Лекин жамоа фойдаси учун нималарга рози бўлмайди одам…

Лойиҳада эски «ассоциация»нинг барча функциялари ва ваколатлари сақлаб қолинади, ҳаттоки оширилади. Яъни, идора амалда бир-бирига зид бўлган функцияларни бажаришда давом этади. Янги функцияларга эса, масалан, «пахта экиш учун дала майдонларини аниқлаш, пахта-текстил кластерларини жойлаштириш, шунингдек, Қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш давлат фондининг маблағлари ҳисобидан (ҳаммолиялаштириш тартибида) имтиёзли кредитларни ажратиш» кабилар киради. Энди бундай ишлар янги тузилган «ассоциация-вазирлик» маъқулловидан сўнг амалга оширилади. Яна бир янги функция – «Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан пахта толасидан йигирилган калавани олиб чиқишга рухсатнома бериш». Бунга яна йиғим жорий этиш режалаштирилмоқда. Супер! Мана сизга, маъмурий тўсиқларни қисқартириш ва иқтисодиётни бошқаришни эркинлаштириш — иккови битта идишда!

«Ислоҳот» учун ресурслар

Иккинчиси. «Ассоциация» қошида «Текстил соҳасини ривожлантириш ва пахта-текстил ишлаб чиқариш ва кластерларни қўллаб қувватлаш фонди» ташкил этиш режалаштирилмоқда экан. Фондни молиялаштиришнинг асосий манбалари қуйидаги маблағлар ҳисобланади:

  • Пахта-текстил ишлаб чиқарувчилари ва кластерларига пахта экиш учун ажратилган ер майдонларининг ҳар бир гектаридан энг кам ойлик иш ҳақининг 20 фоизи миқдорида йиллик ундириладиган йиғим;
  • 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб пахта толасидан йигирилган дағал калавани Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасидан олиб чиқиш учун рухсатнома бериш учун йиғим».

Яъни, моҳиятан солиқ ёки унга тенглаштирилган йиғимлар. Бошқача қилиб айтганда, «ассоциация» ишини давлат маблағлари ҳисобига молиялаштириш назарда тутилмоқда.

Учинчиси. Миллий ассоциация «ислоҳотлар»ни амалга оширишни режалаштиришда фойдаланадиган бошқа ресурслар имтиёз ва енгилликлар рўйхати бўлиб, бу имтиёзларнинг катта қисми «ассоциация»нинг ўзи учун – аъзолари учун (соҳанинг барча корхоналари учун эмас) мўлжалланган ва «ассоциация»нинг «хулосалари» ва «буюртма»лари асосида берилар экан. Буларнинг бариси «ассоциация»нинг ҳозирда мавжуд имтиёз ва ваколатларига қўшимча эканини унутманг.

Яъни, соҳанинг туб ислоҳотини, ҳалол рақобатни унутинг. Ҳаммасини яна амалдорлар ўз кабинетидан туриб бошқаришда давом этмоқчи. 

Экспертлар «иқтисодиётнинг стратегик соҳалари» деб аталувчи (автомобилсозлик, транспорт, энергетика, табиий бойликлар қазиб олиш, кимёвий, текстил, озиқ-овқат, электротехника ва бошқа) соҳаларни тартибга солиш ва монополиядан халос этишни қамраб олган комплекс ислоҳотларни амалга оширмасдан туриб барқарор ривожланишни кафолатлаш имкони йўқлигини кўп ва хўб ёзишган. Соҳа ислоҳотларини соҳани самарасиз бошқарув тизимини қайта ташкил қилишдан бошлаш керак. «Соҳа бошқаруви органлари» ҳеч қачон ўзини ўзи ислоҳ қилмаслигини унутмаслик лозим. Бундан умид қилиш — утопиянинг ўзгинаси. Ислоҳотлар «тепадан» (президентдан, ҳукуматдан) ёки «ёнлама» (мана шундай ислоҳотларни ўтказиш учун махсус тузилган, ҳукуматдан мустақил бўлган органдан) бўлиши керак.

Биз маъмурий ислоҳотлар ўтказиладиган кунларни кўра олармиканмиз ёки унинг ўтказилишини кейинги авлодларга — фарзандларимиз ва невараларимизга қолдирамизми?

Top