Kun.uz'нинг навбатдаги мултфилмида бозор иқтисодиётига чала ўтиш, ярим-ёртилик қандай оқибат келтириши ҳақида сўз боради. Ўзи мустақил “юра олмайдиган” корхоналарни қўллаш ҳатто қудратли СССРни ҳам таназзулга учратган.

Икки хил асосий иқтисодий тузум бор.

Бирида ҳаммасини давлат бошқаради: нима, қанча, қаерда ишлаб чиқаришни корхоналарга буюриб туради, режа белгилайди ва режа бажарилишини ўзи назорат қилади. Маҳсулот ишлаб чиқаришни ҳам давлат бюджетидан таъминлаб туради. Кейин тайёр маҳсулотни ўзи тақсимлайди ҳам.

Бу тузумнинг “тозаси” – СССР муваффақиятсизликка уради, чунки самарасиз, ўзи мустақил юра олмаган корхоналарни қўллайвериб, қўллайвериб, охири таназзулга учради.

“Юролмайдиган” корхоналар

Ҳар қандай корхонани самарали қиладиган омиллар бор. Асосий омил – корхонани ривожлантириш ИСТАГИ. “И-е, ривожланиш истаги бўлмаслиги ҳам мумкинми?!” – дейсиз сиз буни эшитиб. Ҳа, бўлади шунақаси. Қандай ҳолатда?

Масалан, корхона рақобатсиз муҳитда ишлаётган бўлса. Яъни атрофида у билан рақобатлашадиган ҳеч ким бўлмаса. Корхона ишлаб чиқарган маҳсулотининг сотилиши нақд – аниқ бўлса ёки, дейлик, корхонага хомашё етказиб берувчилар мажбурий бириктирилган бўлса, унда корхонани ривожлантиришга стимул бўлмайди, ахир, шундоғам сотиляпти маҳсулот, шундоғам келиб турибди хомашё. Нега керак уриниш, маҳсулот сифатини ошириш, корхона тизимини мукаммаллаштириш, харидор кўнглини овлаш, хомашё етказиб берувчилар учун курашиш?! Рақобатчи йўқ-ку!

Ривожланмасликка яна бир сабаб – давлат корхонани доимий қўллаб туради, йўл қўйган хатоларини бюджет ҳисобидан ёпиб туради, натижада корхона ўз хатоларини таҳлил қилмайди ва, табиийки, тузатмайди. Имкон бўлди дегунча самарасизлигини бошқа омилларга тўнкайди – давлатдан ёрдам олиш учун.

Ҳа, бундай корхоналар ҳам жамиятга фойда келтириши, одамларни иш билан таъминлаши мумкин. Аммо ҳамма нарсанинг фойдаси тарозига солинганда билинади: сунъий рақобатсизлик муҳити иқтисодиёт ривожланишига йўл бермайди – минглаб корхоналар очилиши мумкин бўлган пайтда, якка-якка корхоналаргина, бунинг устига монопол вазиятда фаолият юритади. Корхоналар камлиги ривож учун зарар – улар кўп бўлиши ва ўзаро рақобат қилиши керак.

Айнан шундай ёмон манзара содир бўлмаслиги учун, бозор муносабатларига тугал ўтмоқ керак.