23:43 / 08.12.2018
21623

Япония 345 минг хорижий ишчини қабул қилишга тайёр

Фото: Depositphotos

Япония парламентининг юқори палатаси тонгги соат 4гача чўзилган муросасиз дебатлардан кейин мамлакатга киришни назорат қилиш ҳақидаги қонунга тузатмаларни қабул қилди.  

Тузатмалар 2019 йил 1 апрелда кучга киргандан кейин 5 йил ичида қурилиш, кекса одамларни парваришлаш, қишлоқ хўжалиги ва шу каби 14 та соҳада 345 минг хорижий ишчи мамлакатга кира олади.

Ишчилар ихтисослиги бўйича икки тоифага бўлинади. Биринчи тоифа ишчилар мамлакатда оиласи билан бирга яшаш ҳуқуқисиз 5 йиллик кириш ҳуқуқини олади. Иккинчи тоифа ишчиларга эса мамлакатда қолиш муддатини узайтириш ва ўзлари билан бирга оила аъзоларини олиб келиш имкони берилади.

Шу билан бирга тузатмаларда ишчи кучига талаб қондирилса, давлат кириш учун рухсатлар берилишини тўхтатиши мумкинлиги таъкидлаб ўтилган.  

Қонуннинг қабул қилиниши паст малакали ишчи кучининг етишмаётгани ва давлатнинг хорижий ишчиларни ёллашга қонуний кўриниш бериши билан асосланган. Охирги йилларда хорижий ишчилар Японияга “таълим олиш” кўринишида кирмоқда. Амалиётда бундай йўл билан келган хорижий ишчиларнинг ҳуқуқларига амал қилинмайди, улар арзимаган пулга оғир шароитларда ишлайди.

Қонун қабул қилинаётган кунлар оғир меҳнат шароитлари ва ҳуқуқлари поймол қилиниши сабабли тушкунликка тушиб ўз жонига қасд қилишлардан Японияда 2015 йилдан 2017 йилгача 69 нафар хорижий ишчи ҳаётдан кўз юмгани маълум бўлган.

Top