Жаҳон | 18:48 / 09.12.2018
11071
2 дақиқада ўқилади

Қатар амири Саудия Арабистони таклифига қарамай Форс кўрфази давлатлари саммитига бормади

Фото: РИА Новости

Қатар амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний Ар-Риёдда ўтаётган Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши саммитига бормади ва саммитга ташқи ишлар давлат вазирини жўнатиш билан чекланди. Бу ҳақда Қатар ташқи ишлар вазирлиги вакили Аҳмад бин Саид ар-Румайҳий маълум қилди. 

Қатар ҳукуматида ташқи ишлар давлат вазири “портфелсиз” вазир ҳисобланиб, ташқи ишлар вазири Абдураҳмон Ол Сонийдан фарқли ўлароқ, фақат вакиллик функцияларини бажаради.  

Таъкидланишича, Қатар вазирини Саудия Арабистони ташқи ишлар давлат вазири  
Низор Маданий кутиб олган. Саудия Арабистони ОАВ Қатар вакилининг саммитдаги иштирокини ёритмаяпти.

Аввалроқ Саудия Арабистони қироли кенгашга кирувчи 6 та давлатдан 3 таси Доҳа билан дипломатик алоқаларни узганига қарамай, Қатар амирига кенгашнинг 39-саммитида иштирок этиш таклифини жўнатганди. Бироқ Қатар амири таклифга жавоб бермаган.

Аввалги йил Кувайтда ўтган ва Қатар ҳамда қўшнилари ўртасидаги можарога чек қўйиши кутилган саммитда фақатгина Қатар ва Кувайт амирлари иштирок этганди. Қолган давлатлар ўз вакилларини юбориш билан чекланиб қолганди. 

2017 йил июнида Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср Қатарни террорчиликни қўллаб-қувватлашда айблаб, у билан дипломатик алоқаларни узганди ва унга нисбатан блокада ўрнатганди. 

 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид