Жаҳон чемпионатида гуруҳ босқичи якунига етмоқда, учинчи турнинг дастлабки куни ҳам воқеаларга бой бўлди. 24 июндан 25 июнга ўтар кечаси 6 та учрашув ўтказилди ҳамда A, B ва C квартетларида жамоаларнинг якуний ўринлари маълум бўлди. Мексика миллий жамоаси Чехияни йирик ҳисобда таслим этди (3:0), ЖАР Жанубий Корея устидан сенсацион ғалабага эришди (1:0), Марокаш Ҳаити билан ўйинда камбэк амалга оширди (4:2), Бразилия Шотландияга ҳеч қандай имкон қолдирмади (3:0), Швейцария Канададан устун келди (2:1), Босния ва Ҳерцеговина эса Қатарни уйига жўнатди (3:1).

Майдон ташқарисида ҳам қизиқарли воқеалар бўлиб ўтди: Жанни Инфантино сув ичиб олиш учун қилинаётган танаффус ФИФАга пул келтирмаслигини маълум қилди, ганалик шаман эса Ҳарри Кейндан тавқи лаънатни «олиб ташлади».

А гуруҳи

Мексика Очоага ҳам имкон берди

Чехия – Мексика 0:3
Голлар: Чавес, 55 (0:1). Кинионес, 61 (0:2). Фидалго, 90+4 (0:3)
Чехия: Коварж, Гранач, Крейчи, Холеш (Соучек, 64, Хори, 87), Черв (Сойка, 87), Садилек, Дудера, Цоуфал, Шулц, Вишински (Провод, 56), Гложек (Шик, 64)
Мексика: Ранҳел (Очоа, 78), Монтес, Рейес, Чавес (Галярдо, 78), Санчес, Алварес, Ромо (Варгас, 63), Мора (Фидалго, 72), Кинионес, Алварадо, Мартинес (Хименес, 63)
Огоҳлантиришлар: Алварес, 64

1/16 финалга чиқиш учун Чехиядан ҳаддан ташқари қийин вазифани уддалаш талаб этиларди – жаҳон чемпионатидаги энг ишончли ҳимоя чизиғини ёриб ўтиш. A гуруҳида дастлабки икки турда ЖАР (2:0) ва Жанубий Корея (1:0) мексикаликлар дарвозасига гол уролмаганди. Бу иш европаликларга ҳам насиб этмади.

Биринчи бўлим тенг курашлар остида кечди, жамоалар чинакамига хавфли вазиятлар ярата олишмади. Аммо танаффусдан кейин турнир мезбонларидан бири ўйинни кучайтиришди ва рақиб дарвозасини уч бор ишғол этишди: Матео Чавес, Ҳулиан Кинонес ва Алваро Фидалго ўз номларига биттадан гол ёздириб қўйишди.

Ўйин якунланиши арафасида мексикалик мухлислар учун яна бир қувончли воқеа рўй берди: бу чемпионатда илк бор жамоанинг афсонавий дарвозабони Гилермо Очоа майдонга тушиб келди. 40 ёшли посбон учун бу фаолиятидаги олтинчи мундиал бўлди. У ўзи муносиб бўлган олқишларга ва қарийб 20 дақиқага эга бўлди.

Чехлар эса иккинчи бўлим давомида ҳам айтарли вазият ярата олмади. Мирослав Коубек шогирдлари гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаб, турнирни тарк этадиган бўлди.