Жамият | 11:03 / 10.12.2018
7643
2 дақиқада ўқилади

Моддий ёрдам тайинлаш электрон тизим орқали амалга оширилиши мумкин 

Фото: KUN.UZ

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида моддий ёрдам ва бола парвариши учун нафақа тайинлаш тартибини электрон тизим орқали амалга ошириш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сонли қарори билан тасдиқланган “Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомда кам таьминланган оилаларга ҳамда 2 ёшгача бола парвариши учун нафақа тайинлаш ваколати жойлардаги ўзини ўзи бошқариш органлари, яьни маҳаллалар томонидан ариза ва ҳужжатларни қабул қилиш, маҳалла қошидаги комиссия томонидан белгиланган мезонларга жавоб бергандан сўнг тайинланиши белгиланган, дейилади мурожаатда.

“Аммо, айрим маҳаллалар томонидан моддий ёрдам ва бола парвариши учун нафақа тайинлашда шаффофлик ва ҳалоллик таьминлашда муаммолар мавжуд. Ушбу масалани электрон тизим орқали амалга ошириш яхши самара бериши мумкин”, - деб ёзади петиция муаллифи.

Қайд этилишича, шу сабабдан, кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш учун махсус портал яратиш керак. Бу ишни Молия вазирлиги ёки “Маҳалла” хайрия жамоат фонди амалга ошириши мумкин. Бу, ўз навбатида, тизимнинг шаффофлигини таъминлашга хизмат қилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ишга қабул қилишни ДХА орқали амалга ошириш таклиф этилганди.

Мавзуга оид