Жамият | 22:00 / 11.12.2018
35012
10 дақиқада ўқилади

Эшик ўрнига тутилган мато ва зимистон кўчалар. Сариосиёликлар нима учун пул тўлашган?

Kun.uz таҳририятига келиб тушган навбатдаги мурожаат Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидан.

«Афросиёб» маҳалласининг «Бинокор» кўчасидан ўтиб борарканмиз, кунига минглаб автомобиллар ўтиб қайтадиган йўлларнинг абгор ҳолатига гувоҳ бўлдик.

Кўча номи ҳеч қаерда ёзиб қўйилмаган. Кираверишдаги автомобил қатнаш йўлининг эни тахминан 4,5 метрни ташкил этиб, икки ёнида ҳам 4 метрдан бўш жой қалин тупроққа беланиб ётибди. Ҳолбуки, йўл торлигидан қарама-қарши йўналишда келаётган катта юк машинаси ва енгил автомобиллар ҳаракатланишида ноқулайлик кузатилади.

Автомобил йўлини кенгайтириш, унинг четидаги қалин тупроқ қопланган қисмини текислаб, бир ярим метргача бўлган жойдан пиёда йўловчилар учун тротуар ажратиш, четларига кўчатлар экиб, кўчани ободонлаштириш ҳам мумкин эди. Аммо буни амалга ошириш учун аввал сув келтириш мақсадида кавланган (лекин иш охирига етказилмаган), энди турли чиқиндилар билан тўлиб бораётган бу чуқурлик беркитилиб, асфальт ётқизилиши лозим эди.

Маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, туман газ таъминоти бўлинмаси, мактаб, ошхона, ИИБ бўлими ҳам айнан ушбу кўча ёқасида жойлашган. (Айни вақтга келиб, бу чуқурликлар беркитилган. Тупроғи текисланмай туриб, паст-у баланд дўнгликларга шоша-пиша қатор тизиб арча экилган. Бу тараддуд яқин вақтларда президентнинг вилоятга амалга оширажак ташрифи билан боғлиқ).

Маҳалла ичкарисида ҳам аҳвол оғир. 

Йўл ёқасида жойлашган уйлар таъмири 2017 йилнинг июнь ойида бошланиб, 10 сентябрида иш охирига етказилмай тугатилган. 2018 йил охирлаб боряпти ҳамки, таъмирга қайтилмаган. Бир йил олдин ўтказилган таъмирлаш ишлари сифат даражаси ҳам аҳоли норозиликларига сабаб бўлмоқда.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, девордаги ўйиқлар ва дарз кетган чизиқлар уйнинг бир бошдан қумсувоқ қилиниб, сўнг сиртлари бўялмагани ҳисобига таъмир кўчиб тушмоқда. Ёмғир ва қор сувлари тўғридан-тўғри девор остига оқишидан, тарновлар ўрнатилишида хатоликка йўл қўйилгандек...

Уй томига «профнастил» бўлмаган эски, калта-култа шиферлар ёпилиб, том ҳам бироз эгри ёпилгандек таассурот уйғотади.

Том остига қоқилган тунукалар қандай ўрнатилган билмадиг-у, ёғингарчиликда сув тўғридан-тўғри подъезднинг киравериш қисмига оқаркан. Қаттиқ шамол эсганда эса тунукалар ўзидан тарақлаган ёқимсиз овоз чиқаради. 

Ноқонуний қурилган уйларга қўшиб, кўп сонли аҳоли тураржойларида ўзбошимчалик билан очилган эшиклар туман ҳокими қарорига биноан бузиб ташланган. Бироқ, бу ишлар 2017 йилнинг декабрь ойида тўлиқ тугатилмай, ҳоким қарори ижроси фақат айрим яшовчиларгагина нисбатан қўлланган.

Бузилган иморатлардан қолган яроқсиз чиқиндилар ўз вақтида йиғиштириб кетилмаганидан уйлар атрофлари бир йилдан бери мана шундай хароба кўринишда қолмоқда. 

Маҳаллий аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, 1990-1991 йилларда қурилган, кўп сонли аҳоли учун мўлжалланган ҳожатхоналар йигирма йиллар аввал талабга жавоб бермайдиган аҳволга келиб бўлган. Унга қадар ҳам таъмирга бирор марта қўл урилмаган. Шу боис, маҳаллий аҳоли ўзи яшаётган ҳудудда алоҳида ҳожатхона қуришга мажбур бўлган. Бузиш ишлари бошлангач, ҳожатхоналар аҳоли норозиликларига қарамай, аввал янгиси қуриб берилмай туриб бузиб ташланган. Фақат бир нечта эски ҳожатхона сақлаб қолинган.

Суриштирув давомида тумандаги бошқа кўчалар подъездларида махсус кодланувчи темир эшиклар, акфа ромлар ўрнатилгани маълум бўлди.

Аммо «Бинокор» кўчасидаги 1-2-3-уйлар подъездларига темир эшиклар ўрнатилмаган. 2-кўп сонли аҳоли турар уйи подъездларида эса, эшик ўрнига мато тутиб қўйилган. 

1-кўп сонли уй орқасига ўтамиз. Айтишларича, мана бу қудуқлар билан ҳам ҳеч кимнинг иши бўлмаган. Болалар ушбу қудуқ атрофига келиб қолмасликларига ёки унинг ичига  тушиб кетмасликларига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Бу бўйича хавфсизлик чоралари кўрилмаган.

«Бинокор» кўчасига кираверишда ҳам, 1-2-3-4 кўп сонли аҳоли турар уйлари атрофида ҳам бирорта чироқ ўрнатилмаган, тунда бу кўчалар зимистонга айланади. Аниқроғи, ушбу кўчаларнинг нақадар «порлоқ»лигини кўриш учун «тонг отиши»ни  кутиш керак. Яккам-дуккам дўконларга ўрнатилган чироқлар ҳам дўконнинг ўзинигина ёритиб турибди, холос. 

Аҳоли «туман мутасаддилари уйни режа асосида таъмирлаб беришни ваъда қилиб кетишгани, аммо шу кунга қадар бу кўчага ҳатто бир дона мих ҳам қоқилмагани»ни айтишди.

Тумандаги Шарғун шаҳарчасида жойлашган «Шахтёрлар» кўчасидаги кўп сонли аҳоли турар уйларининг таъмир даражаси билан ҳам қизиқдик. Ушбу кўчаларга ҳам бир марталик ажратилган кредит асосида темир эшиклар, акфа ромлари ўрнатилган экан. 

Суриштирувдан қайтгач, туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари билан учрашдик. Ҳоким ўринбосари «банкдан олинган кредит маблағи тугаб қолгани боис ишлар охиригача етмагани, беш йиллик дастур асосида ҳали таъмир ишлари давом этиши, «Бинокор» кўчасидаги 1-2-3 уйлардан ташқари 4-уйни таъмирлашга пул етмай қолгани, сабаби бошқа кўчалар таъмирлангани»ни айтди. 

Биз АТ Халқ банки филиали раиси ва ходимлари билан учрашиб, ушбу таъмирга қанча маблағ ажратилгани билан қизиқдик. Маълум бўлишича, «Интизор-имкон қурувчи» ширкатига таъмир ишлари учун 1 млрд 250 млн сўм миқдорда кредит берилган. 

Банк ходимининг айтишича, фуқаролар таъмир вақтида ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари орқали уй-жой сақлаш бадалини тўлашлари учун рўйхатга олинган. Ҳар бир яшовчининг бадал тўловида уй квадрат метри ҳисобга олиниб, 1 квадрат метр учун тўлов 550 сўмни ташкил этади. Банк ходимининг сўзларига кўра, икки хонали уйда яшовчи фуқаро ойига 35.500 сўм миқдорда бадал тўлайди. Банк раиси бадал тўлови қанча миқдорда бўлишини туман ҳокимлиги белгилашини айтди.

Бироқ, бинокорликлар ҳали тўлиқ тугатилмаган, сифат жиҳатидан талабга жавоб бермаётган таъмир учун ҳамда шу кунга қадар ўз ваколатига доир вазифаларни бажармай келаётган ширкатга 2017 йилнинг январь ойидан бошлаб тўлов қилиб келишмоқда. 

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан «Интизор-имкон қурувчи» ширкати раиси О.А.дан ҳам изоҳ сўраганимизда, у «2017 йилда АТ Халқ банкидан олинган кредитга «Бинокор» кўчасидаги 1-2-3 уйлар дастур асосида таъмирлангани, 4-кўп сонли аҳоли турар уйининг таъмирига пул етмагани учун тўхтатилгани, қолган пулларга бошқа кўчалардаги уйлар таъмирлангани»ни айтди. Савол туғилади: агар 4-кўп сонли аҳоли турар уйининг ҳозирги аҳволини ўрганишган экан, нега бошқа кўчаларни таъмирлашга шошилишган?

Ширкат раисининг қўшимча қилишича, 4-кўп сонли аҳоли турар уйи фармонга биноан тузилган беш йиллик дастур асосида 2019 йилда таъмирланиши кўзда тутилган. Қурилиш ишлари бўлиб ўтгани юзасидан қайсидир (ширкат раисининг айтишича «Адмер» хулосаси) ташкилот хулоса ҳам берган. Ушбу хулосани сўраганимизда аввалига ширкат раиси бизга тақдим этишга рози бўлди. Бироздан сўнг эса негадир фикридан қайтиб, «ҳужжат туман прокуратурасида» эканини айтди. 

2-кўп сонли аҳоли турар уйида яшовчи киши қўл телефонидаги видеотасвирларни кўрсатиб, «таъмир сифатсизлиги учун уйига ёмғир суви оқаётгани, қўшнисининг уйида ҳам шу аҳволлиги, бу бўйича ўтган йили ширкат раисига шикоят қилганида таъмирлаб беришни ваъда қилишгани, лекин ваъда бажарилмагани»ни айтди. 

Ширкат раиси бу бўйича ҳолатни ўрганиб, бартараф қилишини айтди. Аммо шу вақтгача ваъдани бажариш уёқда турсин, ҳатто аҳволни келиб ўрганмаган ҳам. 

Ширкат раиси тақдим этган ҳужжатлар билан батафсил танишиш мақсадида бирма-бир суратга олаётганимизда эса, ҳужжатларнинг бирини «бу сизники эмас» дея тортиб олди.

Ҳужжатнинг ярим чала суратга тушиб қолган қисмида Сариосиё тумани «Интизор Имкон» ХУЖМШга қарашли «К.Бегзод» кўчасидаги уй-жойларнинг том қисмлари, фасад, бетон йўлаклари, подъезд қисмлари, темир эшиклар ўрнатиш, ўриндиқлар, янги ҳожатхона қуриш ишларини амалга ошириш учун ширкат Сариосиё туман Халқ банки бўлимидан 1 млрд 250 млн сўм миқдорида кредит маблағи олгани айтилган. Ушбу маблағга қандай қурилиш моллари харид қилингани ҳам суратда кўрсатилган.

2017 йил 30 мартида Ўзбекистон Республикаси  «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 25-моддасига асосан, президент раҳбарлигида видеоселектор ўтказилганди. Ушбу йиғилиш баёни топшириқлари сўзсиз бажарилишини таъминлаш, Термиз шаҳар ва туманларда коммунал соҳадаги камчиликларни бартараф этиш, уй-жой фондини куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида аҳоли талаб ва эътирозларини ҳисобга олган ҳолда Сурхондарё вилояти ҳокимининг 2017 йил 19 апрелдаги Қ-149-сонли қарори чиққан. Ушбу қарорга асосан, Термиз шаҳар ва туманларда кўп қаватли уйларни таъмирлаш, куз-қиш мавсумига тайёрлаш, ҳудудларини ободонлаштириш ҳамда уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолиятини ташкил этиш кўзда тутилган.

Юқоридаги санаб ўтилган камчиликлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, «Бинокор» кўчасида ободонлаштириш юзасидан етарли даражада ишлар қилинмаган, уйларнинг таъмир сифати қониқарсиз ҳолатда қолмоқда.

Сурхондарё вилояти ҳокими (2017 йил 19 апрелдаги Қ-149-сонли) қарорида белгиланган вазифаларни бажаришда ўз ишига совуққонлик билан ёндашаётган раҳбарларга чора кўрилиши назарда тутилган экан, юқоридаги айтиб ўтилган камчиликлар юзасидан ўз ишига холис ёндашувчи мутахассислар томонидан ишончли назорат ўрнатилиши, «Бинокор» кўчасидаги шу кунга қадар кўз юмиб келинаётган муаммолар тез фурсатларда бартараф этилиши мақсадга мувофиқдир.

Моҳичеҳра Эшмирзаева

Мавзуга оид