Жаҳон | 01:50 / 11.12.2018
19416
2 дақиқада ўқилади

Хитойда дунёдаги энг узун пролётга эга аркали темир йўл кўприги қурилди

Хитойлик муҳандислар 10 декабрда дунёдаги энг узун пролётли аркали темир йўл кўпригининг охирги иккита устунини ўрнатиб, унинг қурилишини якунлашди. Бу ҳақда China Railways хабарида маълум қилинган

Фото: Xinhua

Юньнань вилоятида жойлашган кўприкнинг узунлиги 1024 метрни, эни 25 метрни ташкил қилади. Кўприк конструкциясининг ўзига хослиги шундаки, у 4 изли темир йўл станцияси сифатида лойиҳаланган.

Рельефнинг мураккаблиги сабабли темир йўл станциясини фақатгина кўприкда қуришнинг иложи бўлган. Айнан шу сабабли кўприкнинг эни ва барқарорлигига талаб стандарт темир йўл кўприклариникига қараганда кучлироқ бўлган. 

Фото: Xinhua

Таъкидланишича, тарихда бундай объект қурилишига мисол бўлмаган. Нуцзян дарёси устидан 239 метр баландликда ўтувчи улкан металл авиадукни қуриш учун 46 минг тонна пўлат ишлатилган. Бунча миқдордаги пўлат 6 та Эйфел минорасини қуришга етган бўларди. Кўприкнинг асосий пролёти (икки устун ўртасидаги оралиқ қисм) учун яхлит, 490 метрлик панжарасимон пўлат арка қўлланган. Бу конструкцияни йиғиш учун қурувчиларга 800 мингта болт ва оғирлиги 20 тоннадан 100 тоннагача келадиган 922 та пўлат тиргагич керак бўлган.

Фото: Xinhua

Ушбу кўприк 220 кмлик Дали-Жуйли темир йўлининг муҳим лойиҳаси ҳисобланади. Ушбу темир йўл ўз навбатида Хитой-Мьянма халқаро темир йўлининг бош участкаси ҳисобланади. 

Мавзуга оид