Жаҳон | 20:57
947
3 дақиқада ўқилади

Пекиндаги осмонўпар бинога урилган самолёт учувчиси руҳий касал бўлгани айтилди

Ҳалокат оқибатида учувчининг ўзи қурбон бўлди, у расман фақат Лю фамилияси билан танилган, яна 13 киши жароҳатланган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Ўтган ҳафта енгил самолётни Пекиннинг энг баланд биносига йўналтирган учувчи «сурункали уйқусизлик ва хавотирдан азият чеккан» ва буни «шахсий сабабларга кўра» амалга оширган, деб хабар берди BBC нашри Хитой расмийларига таяниб. Бу Пекиннинг 26 июнь куни содир бўлган воқеадан кейинги биринчи расмий муносабатидир.

Ҳалокат оқибатида учувчининг ўзи қурбон бўлди, у расман фақат Лю фамилияси билан танилган, яна 13 киши жароҳатланган.

Чаоян тумани маъмурияти баёнотида айтилишича, 66 ёшли Пекин фуқароси Лю никоҳдан ажрашган, фрилансер бўлиб ишлаган ва ёлғиз яшаган. Терговчилар унинг кундалигида «ўзини ўлдириш ниятидан далолат берувчи кўплаб ёзувларни» топди.

«Комплекс текширув натижасида шахсий сабабларга кўра жамоат хавфсизлигига таҳдид солиш ҳолати ҳақида сўз бораётганлиги аниқланди», дейилади расмийлар баёнотида.

Расмийларга кўра, жабрланганлардан бири аллақачон шифохонадан чиқарилган.

Самолётнинг China Zun номи билан ҳам танилган 109 қаватли CITIC Tower осмонўпар биноси билан тўқнашуви видеолари ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган, бироқ кейинчалик Хитой интернет сегментидан ўчириб ташланган эди.

Кўплаб кузатувчилар содир бўлган воқеани хавфсизлик соҳасидаги жиддий муваффақиятсизлик деб баҳолади. Осмонўпар бино Хитой Коммунистик партияси раҳбарияти ишлайдиган Чжунанхай мажмуасидан атиги бир неча километр узоқликда жойлашган.

Чаоян тумани маъмурияти маълумотларига кўра, ҳалокат куни Лю инструктор билан ва мустақил равишда бир неча парвозларни амалга оширган.

«Мустақил парвоз пайтида у рухсат этилган ҳудуддан чиқиб кетган, аэропорт билан алоқани узган, шундан сўнг баланд бинога бориб урилган ва воқеа жойида ҳалок бўлган», дейилади расмий баёнотда.

Расмийларга кўра, Лю спорт учувчиси лицензиясини 2021 йилда, хусусий учувчи гувоҳномасини эса 2024 йилда олган.

Flightradar24 хизмати маълумотларига кўра, у Хитойнинг Sunward Aircraft компанияси томонидан ишлаб чиқарилган икки ўринли бир моторли Aurora SA60L самолётини бошқарган.

Узунлиги 6,9 м ва қанотлари кенглиги 8,6 м бўлган самолёт туристик парвозлар, аэрофотосъёмка ва ҳаваскор авиация учун мўлжалланган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид