22:10 / 11.12.2018
32717

Шавкат Мирзиёев - Instagram'да энг машҳур сиёсатчилардан бири

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Instagram саҳифасига аъзо бўлганлар сони бўйича собиқ иттифоқ ҳудудидаги сиёсатчилар ичида пешқадамлардан бири экани маълум бўлди.

BCW (Burson Cohn & Wolfe) халқаро пиар-агентлиги «Дунё етакчилари Instagram'да» номли тадқиқотини эълон қилди ва унда 426та расмий давлат аккаунтларини таққослаб кўрди. Ўзбекистондан бу изланишда Президент ва бош вазир Абдулла Арипов аккаунтлари қатнашди.

Шавкат Мирзиёев аккаунти собиқ иттифоқ ҳудудида 2-ўринда экани ойдинлашди - унинг обуначилари сони изланиш ўтказилган вақтда 831,7 мингни ташкил қилган, ҳозир эса 1 миллиондан ошиб кетган, деб ёзади «Халқ сўзи».

Бу сегментда Россия бош вазири Дмитрий Медведев аккаунти пешқадамлик қилмоқда. Унинг обуначилари сони 2,91 миллиондан ортиқ. Биринчи бешликка Озарбойжон президенти Илҳом Алиев (236,7 минг обуначи), Украина президенти Пётр Порошенко (123,6 минг обуначи) ва Қозоғистон бош вазири Бақитжон Сагинтаев (77,9 минг обуначи) аккаунтлари ҳам кирган.

Top