Фан-техника | 01:23 / 13.12.2018
6110
2 дақиқада ўқилади

Instagram блогерлар ва контент яратувчилари учун янгича кўринишдаги профилни тестдан ўтказмоқда

Фото: Getty Images

Instagram ижтимоий тармоғи машҳур блогерлар, платформа учун контент яратувчилар, шунингдек, бизнес аккаунтига эга бўлганлар учун Creator Accounts деб номланган профилларнинг янги турини синамоқда, деб ёзмоқда The Hollywood Reporter.

Нашрнинг маълумотларига кўра, айни пайтда профилларнинг янгича кўриниши бир гуруҳ инсонлар ўртасида синалмоқда. Creator Accountsʼнинг тўлақонли ишга тушиши 2019 йилга мўлжалланган.

Creator Accounts эгалари нималар қила олишлари мумкин:

  • Ташқи сервисларсиз профилга обуна бўлиш ва обунани бекор қилиш таҳлилларини кузатиш. Муаллифлар қайси эълон обуначилар сонининг кескин ошиши/пасайишига сабаб бўлганини кўришлари мумкин бўлади.
  • Шахсий хабарномаларини фильтрлаш ва фойдаланувчиларнинг қайси гуруҳлари улар билан Instagram орқали боғланиши мумкинлигини танлаш (масалан, фақат бошқа брендлар ва яқин дўстлар).

Instagramʼнинг маҳсулотлар бўйича менежери Эшли Юки The Hollywood Reporter билан суҳбатда блогерларни ижтимоий тармоқ ҳамжамиятининг муҳим таркибий қисми деб атаган. “Биз Instagram фан-ҳамжамиятлар ташкил қилиш, шахсий бренд яратиш ва уни ривожлантириш учун энг қулай жой бўлишига эришмоқчимиз”, — деган у.

Юкининг сўзларига кўра, илгари Instagramʼда блогерлар ва контент яратувчиларда сервис билан ишлашни осонлаштирувчи ички иш қуроллари бўлмаган, шу сабабли айримлар 2016 йилда пайдо бўлган ҳамда маҳсулот сотувчилари ва хизмат кўрсатувчилар учун мўлжалланган бизнес-аккаунтларни рўйхатдан ўтказишган. Энди Instagram буни тўғриламоқчи, Creator Accounts эса блогерлар учун иш қуролларини ривожлантиришнинг биринчи босқичи бўлади, деб ўз сўзларини ниҳоялаган Юки.

Мавзуга оид