“Иттифоқ таълим гранти” лойиҳасида 227 нафар талабага 800 млн сўм маблағ ажратилди
12 декабрь куни Тошкент шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан ташкил этилган “Иттифоқ таълим гранти” лойиҳасининг 55 нафар совриндорни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда боқувчисини йўқотган, имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшларга махсус сертификатлар ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ўз вақтида ҳимоя қилиш мамлакатдаги ўзгариш ва юксалиш жараёнини орқага қайтишига йўл бермайдиган ижтимоий таянчдир. Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатининг шаклланишида ҳам ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш муҳим вазифаларимиздан бири, — дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши бош мутахассиси Ҳаёт Қосимов. — “Иттифоқ таълим гранти” лойиҳаси ана шу вазифаларнинг ижроси ва ёшларнинг жамиятда муносиб ўрнини топиши, ўз устида ишлаб кучли мутахассис бўлиб етишишига кўмаклашмоқда.
“Иттифоқ таълим гранти” лойиҳаси орқали 227 нафар совриндор талабанинг 50 фоиз тўлов–шартнома маблағлари таҳсил олаётган олий таълим муассасаларига ўтказиб берилади. Мазкур лойиҳа учун жами 800 млн сўм миқдорда маблағ ажратилди.
— Жорий йил Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетига тўлов шартномаси асосида талабаликка тавсия этилдим. Бироқ оилавий шароитдаги моддий қийинчиликлар сабаб ўқишдан воз кечишга тўғри келаётганди. Ўша пайтлар яқин дугонамдан мазкур лойиҳа ҳақида эшитиб қолдим. Ўзбекистон ёшлар иттифоқига ҳужжатларимни топшириб, бугун “Таълим гранти” совриндорлари қаторидан жой олдим, – дейди лойиҳа ғолибларидан Мадина Йўлдошева. — 11 ёшимдан бери спортнинг гимнастика тури билан шуғулланиб келаман ва бу йўналишда вилоятда бўлиб ўтган мусобақаларда фаол иштирок этганман. 2012 йил бўлиб ўтган Халқаро “Happy caravan” мусобақасида жамоавий чиқиш бўйича олтин медаль, 2013 йил Наманган вилоятида бўлган “Ўзбекистон чемпионати” ва 2014 йил Наманган шаҳрида ўтказилган “Баркамол авлод“ мусобақасида бронза медаль, 2015 йилги “Ўзбекистон Республикаси кубоги мусобақаси”да жамоавий чиқиш бўйича кумуш медаль соҳиби бўлганман. 2016 йилдан буён Жиззах терма жамоасида ўз мураббийлик фаолиятимни йўлга қўйдим.
2017 йил шогирдим Саҳобова Мадина ёшлар ўртасида бўлиб ўтган Республика чемпионатида олтин медаль, 2018 йил халқаро мусобақада жамоавий чиқишда кумуш медаль соҳибаси бўлди. Бугунги рағбат ва ишончни оқлаш учун келгусида шогирдларимни жаҳон чемпионлари қилиб тарбиялашга ҳаракат қиламан.
“Иттифоқ таълим гранти” лойиҳаси cовриндорларини аниқлашда асосий эътибор талабанинг айни вақтдаги ижтимоий-моддий аҳволи, жамоатчилик ишларида фаоллиги ва эришган ютуқларига қаратилди.
— Мен Гулистон давлат педагогика университети биология йўналишининг 1-босқич талабасиман. Болалар тарбияси, мактабгача таълим муассасаси ва ундаги ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатиб бораман. Бу қизиқиш кейинчалик шу соҳа бўйича касб танлаш истагини уйғотди. 2018 йилда мазкур йўналиш бўйича ўқишга ҳужжат топширдим. Аммо, шартнома асосида ўқишга қабул қилиндим. Шартнома пулини тўлашга эса имкониятимиз етарли эмас эди. Шу орада “Иттифоқ таълим гранти” лойиҳаси ҳақида хабар топдим ва ташкилотга ҳужжатларимни топширдим. Натижада бугун ўқишни давом эттириш имкониятига эга бўлдим. Бу рағбатга жавобан келгусида нутқи ва эшитишида нуқсони бор болалар учун махсус мактабгача таълим муассасасини очиш орқали тараққиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишни олдимга мақсад қилдим. Ёшларга ҳар томонлама таянч бўлаётган Ўзбекистон ёшлар иттифоқидан чексиз миннатдорман, – дейди совриндор Шаҳнозабону Комилова.
Тадбир давомида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан лойиҳа доирасида ёшлар орасидаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишдаги кўмаги учун “Ўзпахтасаноат”, “Ўзавтосаноат”, Ўздонмахсулот” каби аксиядорлик жамиятлари ва "Orient Finans Bank" хусусий акциядорлик тижорат банки, “Asia Alliance Bank” га ташаккурномалар ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Мавзуга оид
17:48 / 28.09.2019
«Қолипга солинган фикрлар ёшларга қизиқ эмас» — Ёшлар иттифоқини ўзгартиришга интилаётган Алишер Саъдуллаев билан суҳбат
15:50 / 25.06.2019
Наманганликлар «Ёшлар ва қонун» танловида пешқадам бўлди
15:59 / 17.06.2019
Замонавий технологияларга қизиқувчи ёшлар учун «Digital Generation Camp» ёзги оромгоҳи ташкил этилди
15:46 / 15.06.2019