Жамият | 17:58 / 14.12.2018
33009
6 дақиқада ўқилади

Коррупция занжири банкнинг туман филиалидан республика бошқарувигача етиб борди

Фото: Depositphotos

Ҳаётда ўз нафсининг измидан чиқолмай, коррупция балосига гирифтор бўлаётган кимсалар ҳали-ҳануз учраб турибди. 

Акциядорлик-тижорат «Агробанк»нинг Сўх туман филиали бошқарувчиси ўринбосари Шерзод Ҳакимов, банкнинг Фарғона вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Хайрулла Мадраҳимов, бошқарманинг тадбиркорлик субъектларини кредитлаш шўъбаси мудири Собиржон Қўзибоев ва банк республика бошқарувининг «Кредитлаш департаменти» бош мутахассиси Отабек Юнусов (исм-фамилиялар ўзгартилган)лар томонидан содир этилган жиноят шулар жумласидандир.

Суд мажлисида аниқланишича, Сўх туманидаги «Азамати Бузург» масъулияти чекланган жамияти раҳбари Исроил Аловуддинов туман марказида фойдаланилмай ётган консерва цехи биносини сотиб олган.

Тадбиркорнинг мақсади бинони тўйхонага айлантириб, шу орқали сўхликларнинг хурсандчилик кунларига шерик бўлиш ва янги иш ўринларини яратиш эди. Шу боис бу ниятини туман ҳокимлигига маълум қилади. Натижада туман ҳокимлигининг ёрдами туфайли мазкур ташаббус 2018 йил давлат дастурига киритилади. Давлат дастурига мувофиқ, И. Аловуддинов 700 миллион сўмлик лойиҳанинг 200 миллион сўмини ўз маблағи ҳисобидан, 500 миллион сўмини эса, банк кредити эвазига амалга ошириши лозим бўлган. 

У 2018 йил февраль ойида 500 миллион сўм миқдорида кредит ажратилишини сўраб, «Агробанк»нинг Сўх туман филиалига мурожаат қилади. Шу билан бирга, кредит ажратилиши учун зарур бўлган барча ҳужжатларни ҳам тақдим этади. Лекин орадан 3 ой ўтса ҳамки, кредитдан дарак бўлмайди. Аксинча, филиал ходимлари турли важ-корсонлар кўрсатишдан чарчашмайди. Охир-оқибат И. Аловуддинов тоқати тоқ бўлиб, банк бошқарувчиси ўринбосари Ш. Ҳакимовга учрашади.

— Нега жамиятимизга кредит ажратмаяпсизлар? — деб сўрайди тадбиркор.

— Сиз олаётган кредит миқдори жуда катта. Бунинг учун тўрт фоизини банкимизнинг вилоят бошқармасига беришингиз керак. Хоҳласангиз, мен гаплашиб бераман, — дейди Ш. Ҳакимов.

Шундан сўнг банк бошқарувчиси ўринбосари И. Аловуддиновга «узатиладиган» пулни 1 500 АҚШ доллари тариқасида бериши зарурлигини айтиб, қайта-қайта қистайверади.

— Минг долларини олдиндан, қолганини иш битгандан кейин бераверасиз, — дейди у.

Албатта, бу талаб мижозни қаттиқ ранжитади. Негаки, И. Аловуддинов давлат дастурига киритилган лойиҳаларга имтиёзли кредитлар берилишини яхши биларди. Шунинг учун Сўх туман прокурори номига ариза билан мурожаат қилиб, Ш. Ҳакимовга нисбатан қонуний чора кўришни сўради. Оқибатда банк филиали бошқарувчиси ўринбосари 2018 йил 31 май куни Исроил Аловуддиновнинг хонадонида минг долларни олаётган вақтда Сўх туман прокуратураси, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг вилоят бошқармаси ва ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари томонидан ушланди. 

Ўтказилган тезкор тадбир мобайнида Ш. Ҳакимов 1 000 АҚШ долларини кредитни тезроқ чиқартириб бериш эвазига С. Қўзибоевга киракаш ҳайдовчилар орқали етказиб бериши лозимлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини ҳамда жиноятни очишда фаол ёрдам беришини билдирди. Шунга кўра, тезкор тадбир давом эттирилди. 

Натижада С. Қўзибоев ТАТУ Фарғона филиали биноси ёнида Сўх туманидан «ёлланма ҳайдовчи» Б. Эгамов орқали жўнатиб юборилган, кимёвий ишлов берилган 1 000 АҚШ долларини олаётган пайтда ушланди.

Ўз навбатида, С. Қўзибоев ҳам бу пулларни банкнинг вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Хайрулло Мадраҳимовга етказиши зарурлигини ва қилмишидан пушаймонлигини билдириб, жиноятни очишда фаол ёрдам беришини маълум қилди. Шу боис тезкор тадбир давом эттирилиб, Х. Мадраҳимов Фарғона шаҳридаги «Трактир» қаҳвахонаси олдида С. Қўзибоевдан 1 000 АҚШ долларини олиб, 200 АҚШ долларини ёнида сақлаб туриш учун унга қайтариб берган ҳолда 800 АҚШ долларини чўнтагига солган вақтда қўлга олинди. 

Бироқ коррупция занжири шу билан тугамади. Чунки Х. Мадраҳимов пулларни Фарғонадан Тошкентга қатнайдиган киракаш ҳайдовчилар орқали Отабек Юнусовга жўнатиб юбориши кераклигини ҳамда қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги туфайли жиноятни очишда фаол ёрдам кўрсатишини билдирди.

Маълум бўлишича, О. Юнусов давлат дастурига киритилгани сабабли «Азамати Бузург» масъулияти чекланган жамият лойиҳаси учун Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, монополия ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ресурслари ҳисобидан кредит берилишидан хабар топиб, кредитни ажратиш масаласи унинг 2-3 фоизи эвазига ҳал бўлишини айтган. Пировардида у 2018 йил 1 июнь куни "Агробанк" республика бошқаруви биноси яқинидаги "Олтин маркази" ювелир магазини ёнида "ёлланма ҳайдовчи" Д. Додаматовдан кимёвий ишлов берилган 1 300 АҚШ долларини олаётган пайтда ушланди.

Ш. Ҳакимов, С. Қўзибоев, Х. Мадраҳимов ва О. Юнусовларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми "в"-банди ва 28, 211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. 

Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман суди айбдорларни қонуний жазога маҳкум этди.

Фарруҳ АБДУРАИМОВ, жиноят ишлари бўйича Фарғона тумани судининг раиси.

Мавзуга оид