Жамият | 20:37 / 15.12.2018
15971
4 дақиқада ўқилади

Термиздаги айрим маҳаллалар жамоат транспорти етишмовчилигидан азият чекишмоқда – мутасаддилар жим

Сурхондарё вилояти маркази Термиз шаҳрининг “Аму соҳили”, Раъно Узоқова, “Гулистон”, “Жўйжангал” маҳаллалари аҳолиси жамоат транспорти қатновидан азият чекаётганини билдириб, таҳририятимизга мурожаат қилишди.

Биз мазкур маҳаллалар ҳудудида бўлиб вазият билан танишдик. Маҳаллаларда қарийб 10 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади.

Шаҳарнинг жанубий қисмида жойлашган, Сурхон дарёсининг сўл соҳилидаги мазкур маҳаллалар бўйлаб ўтган марказий йўлда фақат 9-рақамли “Дамас” автомашиналари қатнови йўлга қўйилган.

Tas-IX

YouTube

Лекин қатнов линиясида “Дамас”лар сони чеклангани боис улар жами аҳолининг эҳтиёжини қондира олаётгани йўқ.

Айниқса, эрталаб ишга ва ўқишга боришда, кечқурун эса иш ва ўқишдан уйга қайтишда кўчалар бўйлаб катта навбат юзага келмоқда. Аҳоли маҳалланинг ичкарисидан 4 километр пиёда йўл босиб, шаҳар марказидаги катта кўчага чиқиб олишмоқда.

9-рақамли “Дамас”лар, масалан, икки ёш боласи билан йўлга чиққан онанинг ёнига тўхтамай ўтиб кетишади. Ёки охирги бекатга боргач, дарҳол тўлиб қолиб, шу билан шаҳар марказигача бошқа йўловчи олмасдан келишади — ўрта йўлларда турган одамлар сарсон.

“Жўйжангал” маҳалласида “Ўзтрансгаз” ДУКнинг Сурхондарё вилоят ҳудудий бошқармаси, ҳарбий қисм, қурилиш буюмлари бозори, ишлаб чиқариш корхоналари ва бошқа ташкилотлар бор. У ерга ҳам келиб кетишда қийинчилик пайдо бўлмоқда.

Аҳоли ноқонуний такси хизматидан фойдаланишга мажбур бўлмоқда, ҳаттоки, шулар ҳам жойи келса эҳтиёжни қондира олмаяпти.

Маҳалла фаоллари бу ҳақда тегишли ташкилотларга бир неча бор мурожаат қилишган. Ҳаттоки вилоят ҳокими Баҳодир Пўлатовнинг сайёр қабули чоғида муаммони айтишган. Ҳоким мутасаддиларга 1 ҳафта ичида муаммони ўрганиб бартараф қилиш топшириғини берган.

“Сурхон соҳили” маҳалла фуқаролари йиғини раиси Фурқат Тошбоевнинг айтишича, масала юзасидан мутасаддиларга мурожаат билан чиқишган. Аммо маҳалла ичидан ўтган йўл автобус юриши учун талабга жавоб бермайди, деган важ келтирилган.

Ҳолбуки, маҳалла ичидаги йўллар асфальтланган, фақатгина қурилиш моллари бозоридан сўнг 300 метрча йўлга асфальт ётқизилса бас – йўл шағал билан текислаб тайёрлаб қўйилган.

Маҳалла фаоли Раҳим Расуловнинг сўзларига кўра, вилоятдаги мутасаддилар бу ишга бош-қош бўлаётган маҳалла фаолларини камситиб, “сенларга қолдими шу иш, ҳал қилмаймиз энди шу муаммони”, деб кабинетдан ҳайдаб солишган.

Аҳоли эса бу ерга қатновчи “Дамас”лар сонининг оширилиши ёки автобус қатнови йўлга қўйилиб, одамларнинг узоғи яқин бўлишини исташмоқда, холос. Улар вилоятдаги тегишли идоралардан нажот топа олмасдан, муаммомиз ҳал бўлармикан, деган илинжда Kun.uz таҳририятига мурожаат қилишди.

Ўйлаймизки, Сурхондарё вилоят ҳокимлиги ва вилоятнинг йўловчи ташиш соҳасидаги мутасаддилари мазкур муаммога жиддийроқ эътибор бериб, халқнинг оғирини енгил қилишади.

Шуҳрат Шокиржонов,

Kun.uz махсус мухбири.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид