7 ноябрь куни “Бизнес Лабораторияси” Ўзбекистонда АКТ якунлари бўйича учрашув ўтказди. Мутахассислар Uzсard тизими хакерлар қаршисида заиф, деган хулосага келишди. Шунингдек, Ўзбекистонга интернет-дўконлари бозори оммавий равишда кириб келса, харидорларнинг пул маблағлари хавф остида қолиши, бу эса сармоядорлар учун катта тўсиқ ва қўрқувни келтириб чиқариши муҳокама қилинди.   

Биз Ягона умумреспублика процессинг маркази бош раҳбари Аҳрор Маҳмудов билан Uzcard тизимининг мақсади, тизим қай даражада хавфсиз ва компания оммавий узилишлар чоғида қандай чоралар кўриши ҳақида суҳбатлашдик.

 Uzсard тизимининг хакерлар олдида заиф эканлиги ҳақидаги фикрларга қандай қарайсиз?

— Келинг, энг бошидан бошлаймиз. Uzcard тизими EMV’нинг энг сўнгги халқаро стандартига жавоб берган ҳолда фаолият олиб боради, ҳозиргача ушбу стандартнинг янгиланган кўриниши жорий этилмаган. Ягона умумреспублика процессинг маркази (ЯУПМ) ҳар йили Payment Card Industry Data Security Standard (PCI DSS) халқаро стандарти бўйича текширувдан ўтказилади. Биз тўлов тизими сифатида барча синовлардан ўтказиламиз. Агарда биз ўтган йили муваффақиятли текширувлардан ўтган бўлсак, бу жорий йилда ҳам аттестация кафолатланганини англатмайди. Ҳар йили стандарт янги талабларни жорий этмоқда ва тизимни янги талабларга мослаштириш керак бўлади. Мувофиқлаштириш учун эса биз катта ресурсларни, жумладан, молиявий ресурсларни жалб этамиз. Аудиторлар Uzcard тизимини тўлиқ таҳлил қилиб чиқади ва агарда бирор бир нуқсон, камчилик ва заифлик аниқланса, у ҳолда биз томондан уларни тўғрилаш талаб этилади. Аудиторларнинг барча талабларига жавоб берган ҳолда, биз сертификатлаштириламиз. Uzcard тизимида бу каби масалаларни ҳал этиш учун ички хавфсизлик бўлими фаолият олиб боради. Бизнинг халқаро стандартларга мослашишдан бошқа йўлимиз йўқ. Шу сабабдан бизнинг заифлигимиз ҳақидаги уйдирмаларнинг билдирилишига ҳеч қандай асос йўқ. Агарда асоссиз равишда бундай фикрлайдиган бўлсак, у ҳолда дунёнинг барча тўлов тизимлари заиф ҳисобланади. Ишонч билан айта оламанки, биз 99,9 % га ҳимояланганмиз, 0,1 % эса бу базага зарар етказадиган хавф бўлиб, ҳеч ким бу хавфдан ҳимояланмаган. Бу хавф нафақат Uzcard тизимига, балки MasterCard ва VISA ҳам тегишлидир.

Ҳукумат томонидан Uzcard тизими маълумотларнинг махфийлигини таъминлаш учун жавобгар этиб белгилаб қўйилган. Биз ўз вазифамизни бажаряпмиз. Мисол учун, агарда бирор бир банк янги АТМ қурилмалари сотиб олишга қарор қилган бўлса, албатта у бизнинг текширувимиздан ўтиши лозим, ва биз уни текшириб бўлганимиздан сўнг, талабларга мослик ҳақидаги рухсатнома берилади.