2019 йилда бир қанча ўзбек миллий таомларига жаҳон бренди берилиши кутилмоқда
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришига жиддий эътибор қаратилмоқда. Аммо, биргина туристни мамлакатга жалб қилиш учун ўнлаб омиллар ҳисобга олиниши лозим. Инфратузилмалар, меҳмонхоналар, авиакомпаниялар ҳолати каби омиллар қатори миллий таомлар ва умумий овқатланиш соҳаси ҳам ўзига хос аҳамият касб этади.
Соҳада қилинаётган ишлар билан танишиш мақсадида Ўзбекистон ошпазлар ассоциациясига ташриф буюрдик. Бизни бу ерда ассоциацияси раиси Акбар Умаров кутиб олди.
«Ташкилотимиз 2010 йилдан бери Бутунжаҳон бош ошпазлар жамияти ассоциациясига аъзо ҳисобланади. Биздан ташқари, 123 нафар давлат бу ташкилот аъзолигига қабул қилинган. Кейинги иккинчи йирик ташкилот Бутунжаҳон Ислом пазандалари уюшмаси бўлиб, уюшма Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳомийлигида ташкил этилди. Бу уюшмага биз ҳам таъсисчи, ҳам аъзо сифатида кирганмиз. Бу йил ёшларимиз ушбу ташкилот мусобақасида Гран при соҳиби бўлишди.
Ўзингизга маълум, палов халқимизнинг эъзозли таоми ҳисобланади. 2016 йили ош ва унинг маданиятини ЮНЕСКО қадриятларига киритишга муяссар бўлгандик. Бундан ташқари, миллий нонуштамизни ҳам жаҳон брендига айлантириш ниятимиз бор. Жаҳондаги кўплаб давлатлардаги шундай маданиятлар бу мақомни қўлга киритган.
Халқаро бренд масаласида асосий ишларимиз ҳали олдинда. Яқин йилларда 7та миллий таомга жаҳон бренди ва халқаро стандарт ўрнатиш ниятидамиз. Бу таомлар ош, тандир гўшт, сомса, норин, ўзбек кабоби ва ҳолва ҳисобланади. Стандарт ўрнатиш қандай бўлади? Бунда уларнинг рецепти, калорияси, тайёрланиш жараёни халқаро экспертлар текширувидан ўтади ва тасдиқланади. Бу ишлар «Лаззатли Ўзбекистон Халқаро фестивали 2019» (Delicious Uzbekistan 2019 world festival - DUWF-2019) доирасида амалга оширилиши кутилмоқда» дейди ассоциация раиси.
Учрашув давомида соҳа мутахассисларидан бири, ҳозирги кунда илмий изланиш олиб бораётган Гулноза Одилова билан ҳам соҳадаги камчиликлар ҳақида суҳбатлашдик.
«Туристлар келганда ресторанларга киришадида, овқат буюртма қилишади. Таом ҳақида билмасдан буюртма қилишади. Олиб келишгандан сўнг, баъзилар норози бўлишади. Бизда бу соҳада камчиликлар кўп. Таомлар номланиши, атамалар масаласи бир тизимга солинмаган. Туристлар ичида нафақат тарихий обидалар, балки таомлар учун ташриф буюрувчилар ҳам кўп. Ундайлар туристларнинг 80 фоизини ташкил қилади», дейди тадқиқотчи.
Мавзуга оид
21:49 / 04.11.2024
Ўзбекистонликлар 2024 йилда Қозоғистонда энг кўп пул сарфлаган хорижликлар қаторига кирди
10:26 / 03.11.2024
Ўзбекистонга хориждан келган сайёҳлар сони маълум қилинди
22:45 / 24.10.2024
2024 йилда Ўзбекистонга келган сайёҳлар сони маълум қилинди
17:47 / 15.10.2024