Яна ўша грипп. Шифокорлар нима дейди?
Kun.uz «Соғлом ҳаёт» лойиҳаси орқали кўп учраётган касалликлар тўғрисида маълумот беришда давом этади. Кунлар совий бошлагани сари юқумли касалликлар авж олади. Грипп ана шундай юқумли вируслардан бири бўлиб, вақтида олдини олмаслик ва даволамаслик оғир асоратларга сабаб бўлиши мумкин. Грипп нима? Келиб чиқиш сабаблари, юқиш йўллари ва даволаниш усуллари қандай? Бу касалликка чалинмаслик учун нималарга эътибор бериш керак? Шифокор Камола Ғуломова билан савол-жавоб усулида мавзуни ёритишга ҳаракат қиламиз.
Видео: Youtube
Видео: Mover (tas-ix)
Грипп нима?
Грипп — вирус, ўткир инфекцион респиратор, яъни нафас йўллари касаллигидир. Грипп вируси юқумли бўлиб, унинг инсон танасига кириши касаллик ривожланишига олиб келади. Касаллик тана ҳарорати кўтарилиши билан бирга кечади.
Грипп вируси аломатлари
• Тана ҳарорати кўтарилиши — 39°C ва ундан юқори;
• Кучли титроқ;
• Ҳолсизлик;
• Мушаклар ва бўғимлардаги оғриқ;
• Қаттиқ бош оғриғи
• Кўз ёшланиши;
• Ёруғликка сезувчанлик.
Интоксикация ( лот. ин – ички ва тохикон – заҳар) – одам ёки ҳайвон организмига ташқаридан тушган (экзоген) ёки унинг ўзида ҳосил бўлган (эндоген) турли заҳарлар таъсирида рўй берадиган касаллик ҳолати) билан бирга параллел равишда респиратор (нафас йўллари касаллиги) аломатлар кузатилади:
• Томоқ оғриши;
• Қуруқ йўтал;
• Бурун оқиши.
Баъзида қорин оғриғи ва ич кетиши кузатилади. Гриппда юқори тана ҳарорати бир неча кунгача давом этиши мумкин, кўпинча иситма туширувчи дорилар таъсири натижасида пасаймайди. Касаллик асоратларсиз бўлса, грипп 7-10 кун давом этади. Бу вақт давомида грипп аломатлари аста-секин йўқ бўлиб кетиши ёки умумий ҳолсизлик икки ҳафтагача давом этиши мумкин.
Грипп вируси шакллари
Гриппнинг бошқа ўткир респиратор вирусли инфекциялар каби енгил, ўрта, оғир ва жуда оғир шакллари бўлиши мумкин. Бундан ташқари, касалликнинг асоратларсиз ва асоратли шакллари фарқланади.
Гриппнинг ривожланиш сабаблари
Касалликнинг юзага келиши сабаби – юқори нафас олиш йўллари шиллиқ қаватининг грипп вируслари томонидан шикастланишидир. Инфекция (касаллик) манбаи грипп билан касалланган одам. Касаллик юқишининг асосий йўналиши ҳаво-томчи йўллари: йўталиш, акса уриш, ўзаро яқин суҳбатлашиш ва ҳатто оддий нафас олиш. Вирус маиший йўл билан ҳам юқиши мумкин — рўмолча, таомлар, чойшаб орқали. Грипп вируси жуда юқумли.
Гриппни ташхислаш
Гриппни ташхислаш одатда клиник кўрикка асосланади. Тана ҳарорати кескин кўтарилишида имкон қадар тезроқ шифокорга мурожаат қилиш керак. Грипп бўлганда шифокорнинг назорати жуда муҳимдир, чунки бу мумкин бўлган бактериал асоратларнинг бошланишини ўз вақтида аниқлаш имконини беради. Асоратлар ҳароратнинг қайта кўтарилиши, йўтал кучайиши ва умумий ҳолат бироз яхшилангандан кейин яна ёмонлашиши каби белгиларда кўринади ва одатда касалликнинг 4-5-кунига тўғри келади. Бу ҳолатда қўшимча таҳлиллар ўтказиш керак — умумий қон таҳлили, кўкрак қафаси ва синуслар рентгенограммаси.
Гриппни даволаш ва касалликни енгиллаштириш
Гриппни даволаш комплекс муолажаларни талаб қилади, лекин грипп билан курашишда ва организмнинг тикланишида иммун тизими катта роль ўйнайди. Шунинг учун иммунитетни рағбатлантириш чора-тадбирларини кўриш зарур. Тўлиқ дам олиш, кўп суюқлик ичиш, спиртли ичимликлар ва чекишни чеклаш тавсия этилади. Айни пайтда самарали дорилар гриппнинг давомийлигини, иситма ва бошқа аломатларини сезиларли даражада камайтиради. Антибиотиклар фақат иккиламчи бактериал касалликлар мавжуд бўлгандагина буюрилади, улар вирусларга қарши умуман самара бермайди, лекин кўпинча халқ орасида шамоллаш ёки грипп аломатлари кузатилганда шифокор кўрсатмасисиз антибиотикларни қабул қилиш кенг тарқалган. Антибиотикларни вирусларга қарши қабул қилиш самара бермайди, бактерияларнинг антибиотикларга қаршилигини ҳам оширади.
Гриппнинг асоратлари
Грипп вируси нафас йўллари эпителиал ҳужайраларига таъсир қилгани боис касалликнинг асоратлари натижасида бактериал касалликлар, жумладан бронхит, пневмония (ўпка яллиғланиши), отит (қулоқ яллиғланиши), гайморит ёки бошқа синус яллиғланишларига олиб келиши эҳтимоли бор. Жиддий бактериал асоратларга — менингит, мия қобиғи яллиғланиши мисол бўла олади. Грипп, шунингдек, беморда мавжуд сурункали касалликларни ҳам кучайтириши мумкин.
Гриппнинг олдини олиш чораларини қўллаш
Гриппнинг олдини олишнинг энг самарали йўли — ўз иммун тизимини бутун йил давомида яхши ҳолатда сақлаш ҳисобланади. Иммунитетни мустаҳкамлашнинг турли йўллари бор, булар қуйидагиларни ўз ичига олади:
• Танани чиниқтириш;
• Фаол ҳаёт тарзи;
• Тўғри ва мувозанатли озиқланиш;
Бошқа асосий тиббий усул бу эмлаш бўлади. Вакцинация грипп мавсуми бошланишидан 2-3 ой олдин (одатда октябр-ноябрь ойларида) вирус муайян турига (штамм) қилинади. Шунингдек, эпидемия даврларида профилактик чора-тадбир тарзида антивирус препаратлардан фойдаланиш тавсия этилади. Гигиена қоидаларига риоя қилиш, касалланган одамлардан йироқ юриш, махсус ниқоблар тақиш, оила аъзолари касалланганда тозаликка эътибор қилиш ва хонани тез-тез шамоллатиш касалланиш эҳтимолини камайтиради.
Раҳматилло Исроилов тайёрлади
Мавзуга оид
14:28 / 14.05.2022
18 йиллик умр кушандаси ёки миллионлаб инсонларни кишанлаган одат
09:50 / 13.02.2022
Соғлом яшаш учун энг қулай бўлган дунёнинг топ-20 шаҳри
18:25 / 30.09.2020
Америкалик биолог грипп коронавирусга қандай таъсир кўрсатиши ҳақида гапирди
17:29 / 19.07.2020