Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Косонсойдаги маҳалла 6 йилдан буён ичимлик сувисиз яшамоқда. Мутасадди эса бундай маҳалла мавжудлигига ишонмади
Ўша тоза ҳавоси, сўлим табиати, маъданли сувлари билан машҳур Наманган вилоятининг Косонсой туманидамиз. Kun.uz таҳририятига мазкур туман маркази бўлмиш Косонсой шаҳрида ва бошқа кўплаб қишлоқларда ичимлик суви муаммоси жуда оғир ҳолдалиги ҳақида мурожаатлар келганди.
Видео: Mover (tas-ix)
Видео: Youtube

2012 йилдан бери ичимлик суви йўқ
Шаҳардаги Чорбоғ МФЙ, Тонг юлдузи кўчасидаги хонадонлар 2012 йили ичимлик сувидан узиб қўйилган экан.
Шу йиллар давомида улар қаердан сув топиб ичишган?
Маълум бўлишича, маҳалла аҳли шу ҳудуддан оқиб ўтувчи «Тўқимбой» сойидан сув ташиб фойдаланади. Кунлик ҳаётда, рўзғорга энг кўп кетадиган нарса албатта сув. Аҳоли озиқ-овқатга, ичишга, кир ювишга ҳам ўша таркиби ноаниқ оқар сувдан ташийди.

«Сувга мутасадди ташкилот кўчамизда ичимлик суви йўқлигини била туриб, аҳолини қарздор қилиб қўяётгани ғалати ҳолат. Ўзи сув йўқ бўлса, энди йўқ сувга пул тўлашимиз ҳам керак экан!», дейди маҳаллада яшовчи отахон Мукаррамхўжа Баҳромов.
Оқсоқол ичимлик суви масаласи бўйича туман ҳокимлигига қилинган мурожаатлар бесамар кетганини таъкидлади.
МФЙ раиси ва фуқаролар бир неча марта далолатнома тузиб, Сув-оқава ташкилоти мутасаддиларига топширишган. Бефойда ҳаракатлар...

Маҳалла аҳли ҳар қандай вазиятга мослаша оладиган, «ижодкор» экан. Жуда кўплаб хонадонларда алоҳида қўлбола сув сақлаш иншооти ясаб ўрнатилган. Пишиқ-пухта «сув омбори». Темирдан бўлгани учун 2,3 миллион сўмга тайёрлаб беришар экан.

Қурби етмаганлар эса, турли пластик идишларга суянади. Ҳар хонадонда 10-15тадан шундай идиш бор. Юқорида айтгилганидек, бир кунда рўзғорга камида 10-15 челак сув кетиши табиий ҳол. Маҳалла, «Қачон сув келади?», деб йиллар давомида кутиб, охири ўзига шароит яратган.
«Сой суви тоза бўлмагани учун касалликлар кўпаймоқда», дейди отахонлардан бири. Ноиложлик...

Сув ўша «Тўқимбой» ариғига бориб, машиналарга юклаб олиб келинади. Ҳар кунги икки соатлик машғулот. Яқинда, ичида ҳар нарса оқиб келадиган ўша сойга ҳам «кўз тегибди». Сой Қирғизистон ҳудудидан келади. Қўшни давлатда қазилма ишлари олиб борилганида сойдан 10-15 кун лойқа сув оққан. Шу кунлари кўча аҳолиси жуда қийналган.
«Мухбир ука, ичимлик суви 7 йилдан бери йўқ. Томорқаларимиз ҳам сув йўқлигидан қуриб кетяпти. Чорасини қилишсин, катталарга айтинг», дейди Кароматхон она Жаъфарова.


Ўша, аҳоли сув ичадиган сойни бориб кўрдик. Тўғриси, бу оқин сув қандайдир қайта ишловдан ўтмаса, фойдаланишга ярамаслиги тайин.
Маҳалла бизни қўшни кўчадаги қишлоқ сув хўжалиги балансида турувчи, сизот сувларни тортиш иншоотига олиб боришди. Бу ускуна ҳам авария ҳолатида экан. Ундан техник мақсадларда фойдаланиш мумкин бўлган сув отилиб чиқиб ётибди.

Ҳудуддаги, Ўрикзор, Қорасув, Олмазор МФЙларининг кўплаб кўчаларида ҳам ичимлик суви муаммоси.
Туман ҳокимлигида
Шундан сўнг, туман ҳокимлигига бордик. Ҳокимнинг қурилиш бўйича ўринбосари бир ой олдин иш бошлабди. Шунинг учун туман сув-оқава ташкилоти раҳбари Ҳусниддин Камалов билан мавжуд муаммолар қачон ҳал қилиниши борасида савол-жавоб қилдик.


Мутасадди Ҳусниддин Камалов туманда ичимлик суви билан боғлиқ камчиликлар деярли йўқлигини, мавжудлари ҳам тез орада бартараф қилинишини айтди. У туман ҳудудида 2012 йилдан буён сувсиз ҳаёт кечираётган маҳалла мавжудлигига ишонтира олмадик. Бундан ташқари, жуда кўплаб МФЙларда йиғилиб қолган сув муаммоси тез кунларда якунига етиши ҳам қийин масала.
Ҳокимлик вакиллари билан учрашгач, яна тумандаги мурожаатларни ўрганиш учун йўл олдик.
Сувсиз қишлоқ
Косонсой шаҳридан 25 километрларча узоқлашгач, адирлар ичида яна бир «Чорбоғ» МФЙ ҳудудидаги «Ифтихор» маҳалласи жойлашган. Қир, тепаликларга ёнма-ён жойлашган иккита аҳоли яшаш пункти. Иккинчисининг номи «Янги шаҳар» экан.
Сув бу жойларда олтинга тенг неъмат. 700 нафарга яқин киши истиқомат қилувчи икки қишлоқда ичимлик суви қувурдан қачон шарқираб оққанини эслай олишмади. Узоқ йиллардан бери ариқ суви уларнинг асосий сув манбаи. Бу йил катта йўл ёқасида жойлашган ифтихорликларнинг бу борада бироз омади чопибди. Сабаби, ёз ойи қишлоқдан бир километрча узоқликдан қудуқ кавлаб сув чиқарилган.


Лекин, кавлаб чиқарилган сув қудуғига электр олиб келиш, унинг хавфсизлиги учун бино ва сув тортувчи насос қўйиш ҳақида унутишибди. Тармоқни қишлоқ томонга келтириш билан ҳам бировнинг иши йўқ. Маҳалла оқсоқоли Муҳаммадали ота Тошпўлатов туман Сув оқава идорасига шу йил 15 август куни боргани ва мутасаддилар муаммолар 1 сентябргача битишига ваъда берганини айтди. Ваъда ваъдалигича қолиб кетган.

Қишлоқ аҳли ҳозир сув насосини ўзи юргизиб, қувур тортиб хонадонларга яқин жойда кунига икки марта сув чиқариб оляпти. Чорва моллари учун узун бетон идиш ҳам қилишган. Қудуқ кавлангани билан уни аҳоли хонадонларига, ҳеч бўлмаса кўчаларга қачон тортишлари аниқ эмас.
Янгишаҳарликлар эса машинада ёки эшак аравада келиб, турли идишларга сув тўлдириб олиб кетишади. Уларга ундан-да қийин.

Сув чиқиши билан ҳамма хонадонлардан аҳоли идишларни кўтариб келишни бошлайди. Ҳатто, кичкина қизалоқлар ҳам сувга келишга шай бўлиб турар экан.

Чунки, йигирма биринчи асрда яшаб, икки юз метрдан чуқурликдан оби-ҳаёт чиқадиган ошёнда сув муаммоси бўлишининг ўзи ҳам ғалати. Яна ҳукумат айнан шу соҳа учун бюджетдан ҳар йили яхшигина маблағ ажратиб бераётган бўлса.


Аҳоли суюлтирилган газ муаммосидан ҳам шикоят қилганида, кейинги сафар айнан мана шу масалага тўхталишга ваъда бердик.
Мазкур қишлоқларга бирор мутасадди келиб халқ дардини ҳеч тинглаганмикан? Балки, мана шу мақола туртки бўлиб, катталар муаммоларни ҳал қилишга бел боғлашар?
Элмурод Эрматов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи: Аҳрорбек Ёқубжонов
Мавзуга оид
11:55 / 12.06.2026
Наманганда “чемпион” тадбиркорлар ва йирик инвестиция лойиҳалари қўллаб-қувватланади
11:24 / 23.05.2026
Эҳтиётсизлик оқибати: ҳожатхонага тушиб кетган бола қутқарилди
10:25 / 20.05.2026
Наманганда дўл ёғмаслиги учун булутларга таъсир кўрсатилди
23:06 / 24.04.2026