Жамият | 09:00
749
2 дақиқада ўқилади

Наманганда йирик миқдордаги гиёҳвандлик воситаси қўлга олинди

Наманган вилоятида Давлат хавфсизлик хизмати ва божхона органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида қарийб 4 килограмм гашиш моддасининг ноқонуний айланмасига чек қўйилди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маълум қилинишича, Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят Божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда «Тошкент – Наманган» йўналишида ҳаракатланаётган «Кобалт» русумли автомашина Поп туманидаги «Наманган» ЙПХ масканида тўхтатилиб, белгиланган тартибда кўздан кечирилган.

Текширув жараёнида автомашинада йўловчи сифатида ҳаракатланаётган, Наманган шаҳрида яшовчи, муқаддам судланган 1989 йилда туғилган шахсга тегишли сумкадан 3 килограмм 956 грамм «гашиш» гиёҳвандлик воситаси аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Терговга қадар текширув давомида мазкур шахс ушбу гиёҳвандлик воситасини муқаддам судланган ҳамшаҳари билан тил бириктирган ҳолда қўшни давлатдан айланма йўллар орқали олиб келгани маълум бўлган. Натижада иккинчи гумонланувчи ҳам процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мутасадди идоралар фуқароларни гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ ҳолатлар ҳақида тегишли органларга зудлик билан хабар беришга чақирмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид