Наманганда номусга тегиш жиноятини яширган ИИБ терговчиси жиноий жазога тортилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Нима бўлган?

Суд ҳукмига кўра, Д.О. Давлатобод тумани ИИБда катта терговчи вазифасида ишлаган.

Фуқаро Д.К. 2025 йил 14 март куни Давлатобод туман ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, бир кун аввал Абдували исмли шахс авиакасса биносида зўрлик ишлатиб, мажбурлаган ҳолда жинсий алоқа қилганини билдирган. Кейинчалик Абдували исмли шахс аслида В.В. экани аниқланган.

Д.О. ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказиш жараёнида ўз ваколат доирасидан четга чиқиб, ушбу жиноятни содир этган В.В. номидан ўзи тушунтириш хати тайёрлаган. У тушунтириш хатига жабрланувчи “жинсий алоқани ўз ихтиёри билан қилгани” ҳақида сохта маълумотлар киритган. Сўнгра В.В.нинг имзосини қалбакилаштириб, тушунтириш хатига қўйган.

Терговчи бу ҳаракати билан яққол номусга тегиш жиноятини қасддан яширган ҳамда В.В.нинг қилмишида жиноят таркиби аниқланмаганлиги асоси билан жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган. Шундан кейин ушбу қарори гўёки Давлатобод туман прокуратураси томонидан ўрганиб чиқилгани ҳақида туман прокуратураси ҳужжатини расмийлаштириб, унга прокурор ўринбосари имзосини электрон шаклда қўйиб юборган.

Наманган шаҳар ИИБ эксперт криминалистика бўлими хулосасида В.В. номидан ёзилган тушунтириш хатидаги имзо бошқа шахс томонидан бажарилгани кўрсатилган.

Орадан кўп ўтмай, В.В.га нисбатан жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарор туман прокурори ўринбосари томонидан назорат тартибида ўрганилиб, бекор қилинган ҳамда қўшимча терговга қадар текширув ўтказиш учун юбориш ҳақидаги қарор қабул чиқарилган. Аммо, терговчи Д.О. ушбу ҳужжатларни туман прокуратурасидан ўзи олиб чиқиб кетган ва қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб бормаслик мақсадида қасддан нобуд қилган.

Йигит яна жиноят қилди

Орадан кўп ўтмай В.В. яна шу турдаги жиноятга қўл урган. У 2025 йил 29 июнда вояга етмаган қизни қўрқитиб, зўрлик ишлатган ҳолда жинсий эҳтиёжини ғайритабиий усулда қондирган.

2025 йил 30 июлда эса ўлдириш билан қўрқитган ҳолда 20 ёшли қизнинг номусига теккан.

Ушбу ҳолатлар юзасидан В.В.га нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 2-қисми “б, г” бандлари ҳамда 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.