Фан-техника | 23:11 / 20.12.2018
9962
2 дақиқада ўқилади

Apple нуқсонни нуқсон деб тан олишдан бош тортди

Фото: Macrumors.com

Apple корпорацияси янги iPad эгаларидан қурилма эгилиб кетаётгани борасида олинган шикоятларга изоҳ берди. Компания вакилининг айтишича, бу нуқсон бўлмай, ишлаб чиқариш жараёнининг иккиламчи оқибати ҳисобланади, деб ёзмоқда The Verge нашри.

Юпқа корпусга эга янги iPad Pro планшетлари сотила бошлангач, фойдаланувчилар қурилмани осонгина эгиш мумкинлигига эътибор қарата бошлашган. Шундан кейин харидорлар планшет қутидаёқ эгилган ҳолда бўлганидан шикоят қила бошлашган. Шунингдек, баъзи харидорлар планшет ишлатиш давомида эгилиб кетаётганидан арз қилишган.

Компанияда янги iPad’лар бироз эгик ҳолда етказилиши мумкинлиги тан олинган ва бу камчилик қурилма ишлашига таъсир қилмаслиги ҳамда нуқсон ҳисобланмаслиги айтилган. Таъкидланишича, бу ишлаб чиқариш жараёнининг иккиламчи оқибати ҳисобланади – қурилма алюминий ва пластик қисмлари совиши вақтида эгилади.

Нашр журналистининг таъкидлашича, эгиклик қурилмадан фойдаланиш бошлангандан 2 ҳафта ўтиб пайдо бўлади. Компания бундай ҳолатда қурилмани алмаштириш учун дўконга мурожаат қилишни тавсия қилган. Бироқ нашр ходими билан боғлиқ ҳолатда янги планшет ҳам эгик ҳолда бўлган.

Apple янги планшетини 30 октябрда тақдим қилганди. Унинг энг арзон, 11 дюймли  версияси нархи 900 доллардан юқорироқ туради.

 

Мавзуга оид