Жаҳон | 21:30 / 20.12.2018
19596
2 дақиқада ўқилади

Гуллар шаҳри: Душанбеда лолалар экила бошланди

Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳри майдон ва хиёбонларида лолалар экиш бўйича кампания бошланди. Илк лолалар Дўсти майдони ва унга яқин ҳудудга экилди, дея хабар беради news.tj.

"Мэрия қарорига мувофиқ, кузги-қишки мавсумда, шунингдек баҳор аввалида Душанбе ҳудудида 6 миллиондан ортиқ гул экилади. Улардан 5,5 миллиондан зиёди - мавсумий ва 700 мингга яқини - кўп йиллик гуллар", - дея маълум қилди  шаҳарнинг Атроф-муҳит муҳофазаси бошқармаси мутахассиси Саидаҳмад Акрампур. 

Экспертнинг сўзларига кўра, майдонлар, хиёбонлар ва парклар ўтган йилдаги сингари лолалар билан безатилади. Режа бўйича 398 900 дона лола экилади. Шу билан бирга, 204,5 минг кв. м газон яратилади. 

"Ҳозирнинг ўзидаёқ пойтахт майдонларида юз минглаб гуллар экилган, декоратив карамнинг турли навлари ҳам шулар жумласидандир. Дарахт ва буталарга келсак, жорий мавсумда 72 минг кўчат экилиши кутилмоқда. Улардан деярли 19 мингтаси - йирик баргли, 25 мингдан ортиғи - декоратив ва 16 мингдан зиёди - мевали дарахтлар. Бундан ташқари, 11 мингдан кўп буталар экилади", - деди Акрампур.

Унинг сўзларига кўра, бугунга келиб 5,3 мингдан ортиқ дарахт ва бута кўчатлари, 645 минг гул ва 12 мингга яқин кв. м газон  экилган.

Мавзуга оид