Жамият | 14:36 / 22.12.2018
8676
2 дақиқада ўқилади

Божхоначилар пиротехника воситаларини боласи орқали олиб кирмоқчи бўлган аёлни тўхтатиб қолишди

Фото: Тошкент вилояти божхона бошқармаси

Янги йил арафасида дунё бўйлаб пиротехника воситаларидан фойдаланиш кўламининг ортиши ҳеч кимга сир эмас. Аммо, байрамга ярашмайдиган лаҳзалик қўштирноқ ичидаги завқ ортидан ташвишли ва ҳаттоки қайғули ҳолатлар содир бўлиши ҳеч кимга сир эмас.

Тошкент вилояти божхона бошқармаси “Ғишткўприк” чегара божхона пости ходимлари пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб кирилишига доир бир қатор божхона қоидабузарликларини фош этишди.

Жумладан, постга пиёда ҳолда кириб келган фуқаро У.Ф. пиротехника воситаларини олиб ўтишда, ёш боласидан фойдаланишга урингани фош бўлди. Божхона ходимларини чалғитиш мақсадида ушбу аёл 360 дона пиротехника воситаларини боласининг эгнидаги курткасига яширган экан.

Яна бир фуқаро С.О.нинг ҳам қўл юклари орасида, йўловчи божхона декларациясида кўрсатилмаган ва оғзаки сўровда маълум қилинмаган 120 дона пиротехника воситаларини республикага олиб киришга бўлган уриниши амалга ошмади.

Шунингдек, фуқаро С.Ш. эса қўл юклари орасига яширилган 3 турдаги 12 дона пиротехника воситаларининг қаердан пайдо бўлиб қолганини гўёки билмаслигини важ қилган.

Мазкур чегара божхона постига пиёда ҳолда кириб келган Б.А. исмли фуқаронинг хатти-ҳаракатлари божхона ходимларининг эътиборини тортиб, холислар иштирокида шахсий кўрикдан ўтказилганида, эгнидаги курткаси ичига 10 дона пиротехника воситалари яширилганлиги аниқланди.

Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари давом эттирилмоқда.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республика божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 83 та божхона қоидабузарликлари натижасида қиймати салкам 416,8 млн сўмлик 92 минг дона пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.

Мавзуга оид