«Duty free» дўконларини лицензиялаш тартиби янгиланди
Вазирлар Маҳкамасининг 18.12.2018 йилдаги 1028-сон қарори билан кўрсатилган фаолият турлари бўйича лицензия олиш учун рухсат берувчи тартиб-таомилларни тартибга солувчи низомлар янги таҳрирда тасдиқланди. Улар 20.03.2019 йилдан кучга киради, деб ёзмоқда Norma.
Биринчидан, лицензияни расмийлаштириш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати қисқартирилди. Хусусан, давлат ёнғин ва санитария назорати органларининг хулосаларини олиш керак эмас. Бундан ташқари, божхона ва эркин омборларда сақлашга мўлжалланган товарлар рўйхатини тақдим этиш талаби бекор қилинди.
Бож олинмайдиган савдо дўкони фаолиятини лицензиялашда сотилиши мўлжалланаётган товарлар рўйхатини тақдим этиш талаби сақланиб қолди. Бироқ энди дўконда, унинг ёрдамчи бинолари ва омборларида бўлиши мумкин бўлган барча товарларнинг энг юқори қийматини кўрсатиш керак эмас.
Бундан ташқари, божхона ва эркин омборлар сифатида фойдаланиш учун мўлжалланган ҳар бир ҳудудий алоҳида биноларга ва очиқ майдончаларга лицензия олиш учун алоҳида ариза тақдим этиш тўғрисидаги қоида бекор қилинмоқда.
Иккинчидан, лицензия электрон ҳужжат кўринишида расмийлаштирилади ва лицензиатга «Лицензия» ахборот тизими орқали юборилади. Лицензия даъвогари ундан фойдаланиш учун идентификациялашнинг ягона тизимида (One ID) рўйхатдан ўтиши керак.
Кўриб чиқилаётган фаолият турларини амалга ошириш учун лицензия беришнинг босқичма-босқич тартиб-таомили лицензиялашнинг батафсил схемаларида кўрсатилган.
Учинчидан, божхона, эркин омборлар, шунингдек «Duty free» дўконининг жойлаштирилиши, жиҳозланиши ва асбоб-ускуналар билан таъминланишига қўйиладиган лицензия талабларига тузатишлар киритилди. Хусусан, бинолар ва бошқа таркибий қисмлар мувофиқ келиши керак бўлган айрим ҳажмлар аниқлаштирилди. Масалан, транспорт узеллари ва магистралларидан олиб борувчи йўл бўйлаб божхона омборигача бўлган масофа 3 км дан ошмаслиги кераклиги белгиланди. Ҳозир «оқилона яқинлик» қоидаси амал қилади.
Омборлар ва бож олинмайдиган савдо дўконлари қўриқлаш ва ёнғин назорати сигнализациялари билан бир қаторда куну тун ишлайдиган видеокузатув тизими билан жиҳозланган бўлиши керак. Тизимлар лицензияловчи орган томонидан белгиланган жойларда ўрнатилади ва ҳар хил томонлардан олинган ёзувларни 3 ой давомида кўриш имконини беради. Лицензия олиш учун бошқа ҳужжатлар билан бирга ўрнатилган видеокузатув воситалари тўғрисидаги маълумотлар тақдим этилади.
Изоҳ: лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддатлари, шунингдек лицензия берилганлиги учун ундириладиган давлат божи миқдорлари ўзгармади. Лицензия муддати белгиланмаган ҳолда расмийлаштирилади.
Ҳужжат 20.03.2019 йилдан кучга киради.
Мавзуга оид
20:41 / 24.09.2024
“5 октябрдан Умра турфирмалари амалдаги лицензияси билан ишлай олмайди” – Дин ишлари бўйича қўмита
11:58 / 04.09.2024
Akfa университети лицензияга эга бўлмаган таълим йўналишига талабаларни қабул қилган
20:46 / 19.07.2024
«Ўзбекконцерт» лицензиясиз фаолият юритган 65 нафар санъаткорга чора кўрди
11:50 / 13.06.2024