Ўзбекистон | 21:16 / 24.12.2018
13298
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг 144-Конвенциясини қабул қилиши мумкин. У ҳақда нима биламиз? 

Ўзбекистон Ҳукумати Халқаро меҳнат ташкилотининг 144-Конвенциясини мамлакатда ратификация қилиш учун таклифларни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев Kun.uz мухбири билан суҳбатда маълум қилди. 

«Манфаатдор вазирлик ва ташкилотлар билан келишилган ҳолда, 144-Конвенцияни кўриб чиқиш учун Ҳукуматга таклиф киритилган. Шунингдек, 29-Конвенцияга илова сифатида қабул қилинган протоколни қабул қилиш масаласи ўрганилмоқда», дейди вазир. 

ХМТ аъзо давлатлари томонида 1978 йил қабул қилинган «Уч томонлама маслаҳатлашув (Халқаро меҳнат стандартлари)» тўғрисидаги конвенция меҳнат нормалари, ҳукумат, иш берувчи ва социал мутахассисларнинг ўзаро ҳамкорлиги тўғрисида масъулиятни юклайди. Шунингдек, 1930 йили қабул қилинган 29-Конвенциянинг иловаси сифатида бириктирилган протокол эса мажбурий меҳнатнинг замонавий шаклларига йўл қўймаслик, уларни бартараф этиш каби масъулиятни ҳукуматга юклайди. 

Ушбу ташаббусларнинг барчаси ҳукумат олдига бир вазифани қўяди: меҳнат ҳуқуқини ҳимоя қилиш, муносиб иш шароитини кенгайтириш, ижтимоий ҳимояни янада кучайтириш ва меҳнат соҳасига оид масалаларда мулоқотни кўпайтириш. ХМТ ҳисоботига кўра, 2018 йили Ўзбекистонда кишиларни меҳнатга мажбурлаш анча ижобий (7 фоиз) томонга ўзгарди. 

29-Конвенция 2014 йили янги протокол билан тўлдирилди. Ушбу протокол учта тамойил асосида талқин этилади: профилактика, ҳимоя ва компенсация. Ушбу протоколнинг Ўзбекистон учун долзарблиги шундаки, мамлакатда иқтисодиётнинг катта қисми «сояда» қолган, аҳолининг катта қисми ички ва ташқи меҳнат миграция жараёнида фаол. 

29-Конвенция 1930 йилда ишлаб чиқилган бўлса, шундан буён кўп нарса ўзгарди, жумладан меҳнат муносабатлари ва мажбурий меҳнат турлари ҳам. Ҳужжатда мажбурий меҳнатга йўл қўйган шахснинг жиноий жавобгарликка тортиш масаласи ҳам аниқ белгилаб ўтилган. ​

Мавзуга оид