Ўзбекистон | 12:47 / 22.07.2024
18237
2 дақиқада ўқилади

«Чек талаб қилиш — майда иш эмас» – Шерзод Қудбиев чек сўрагани учун тарсаки еган болага раҳмат айтди

Ижтимоий тармоқларда Гулистон шаҳрида 12 ёшли болани QR-кодли чек сўрагани учун дўкон сотувчиси ургани акс этган видео тарқалганди. Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев Шаҳбозни қўмитага таклиф қилиб, унга ва ота-онасига миннатдорчилик билдирди.

Фото: Солиқ қўмитаси матбуот хизмати

Аввалроқ, Kun.uz ижтимоий тармоқларда Гулистон шаҳрида 12 ёшли болани дўкон сотувчиси ургани акс этган видео тарқалгани ҳақида хабар берганди. Бола QR-кодли чек сўрагани учун сотувчи уни ҳақоратлаган ва бир неча бор юзига урган. Бу ҳақда боланинг онаси Болалар омбудсманига маълум қилган.

Давлат солиқ қўмитаси матбуот котиби Дилдора Ҳошимова Facebook’даги саҳифасида сирдарёлик Шаҳбоз Солиқ қўмитасига таклиф қилингани ва қўмита раиси Шерзод Қудбиев унга миннатдорчилик билдиргани акс этган видеони улашди.

“Битта ҳаракатингиз ортидан бутун ижтимоий тармоқ ёнди. Бу битта Сирдарёда эмас, бутун Ўзбекистонда. Биз буни ҳали кўп ёямиз. Энг катта нарса, Шаҳбоз, мана ҳамма тикка турибди, одатда киргандан кейин ўтиринглар дердим, лекин Шаҳбознинг олдида бутун солиқ марказий аппарати тик турса ҳам арзийди. Минг марталаб сизга, ота-онангизга раҳмат”, - деди Қудбиев.

У кўпчилик чек талаб қилишни майда-чуйда нарса деб баҳолашини, аммо бу тўғри нарса эмаслигини таъкидлаган.

“Битта чекни сўраганинг ортидан Сирдарёдаги боғча, мактаб, йўллар, бюджет бор, катта бўлганингда тушунасан, бунинг ортида кўп нарса туради. Шунинг учун сенга миннатдорчилик билдираман”, - деган Солиқ қўмитаси раиси.

Эслатиб ўтамиз, сотувчи болани ургани ҳолати юзасидан Болалар омбудсмани сўрови асосида ички ишлар органлари томонидан болага нисбатан содир этилган қонунга зид ҳаракат ўрганилаётгани ва бу борада қўшимча маълумот берилиши маълум қилинганди.

Болалар омбудсманининг қўшимча хабар қилишича, олиб борилган терговга қадар текширув давомида Гулистон шаҳридаги савдо дўкони сотувчиси З.А. (эркак киши)га нисбатан МЖтКнинг 183-моддаси (майда безорилик) билан маъмурий жавобгарликка оид иш қўзғатилиб, иш ҳужжатлари жиноят ишлари бўйича Гулистон шаҳар судига юборилган.

Мавзуга оид