Солиқ қўмитаси E-aktiv'ни жорий этиш қийинлиги сабабли бу тизимдан воз кечди, дея маълум қилди қўмита раиси Шерзод Қудбиев. Тадбиркорларга товар моддий бойликларни очиқлаш талабини қўядиган E-aktiv бизнес вакилларининг эътирозларига сабаб бўлиб келаётганди.
Солиқ қўмитаси E-aktiv (E-ombor) тизимини жорий этишдан воз кечди. Бу ҳақда 4 июл куни фармацевтика ва тиббиёт соҳалари вакиллари билан очиқ мулоқотда қўмита раиси Шерзод Кудбиев маълум қилди.
«Биз E-aktiv'дан воз кечдик, E-aktiv бўлмайди. Амалга ошириш қийин бўлиб чиқди, шунинг учун воз кечишга қарор қилдик», – деди у.
Тадбиркорлар бу янгиликни қарсаклар билан қабул қилди.
E-aktiv ахборот тизими тадбиркорларнинг товар-моддий активлари, хусусан омборлардаги маҳсулотлар кирим-чиқими ва қолдиғини солиқ органларига очиқлашни назарда тутади.
2021 йилдаги ҳукумат қарорига кўра, тизим 2022 йил 1 январдан ишга тушиши керак эди. Бироқ бу тадбиркорлар ва бухгалтерларнинг жиддий эътирозига сабаб бўлди. Уларга кўра, барча товар-моддий бойликларни тизимга киритиш қийин иш ва бу бизнес учун ортиқча бюрократик тўсиқларни вужудга келтиради.
Шерзод Қудбиев 2021 йилдаги чиқишларидан бирида E-aktiv атрофидаги муҳокамаларга муносабат билдириб, «бу янгиликдан норозиликлар ортида интизомли бўлмаган солиқ тўловчилар турибди» деб ҳисоблашини айтганди.
Аммо эътирозлардан кейин тизимни мажбурий қўллаш 2023 йил 1 мартгача кечиктирилди. 2023 йилнинг март ойида эса Солиқ қўмитаси муддат 2024 йилгача узайтирилганини маълум қилди.
4 июл кунги очиқ мулоқотда, шунингдек, Шерзод Қудбиев дори воситалари учун рақамли маркировкалаш ва МХИК (маҳсулот ва хизматларнинг идентификацион коди) жорий этилгани туфайли Солиқ қўмитаси маҳалла миқёсида харид қилинадиган дори воситаларининг турлари ва миқдори тўғрисидаги маълумотларни олиши мумкин бўлишини маълум қилди.















