Абдулла Арипов Соғлиқни сақлаш вазирлигини оналар ва болалар ўлими муаммосига эътибор қаратишга чақирди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов Хотин-қизлар қўмитасининг ҳисобот анжумани доирасида Соғлиқни сақлаш вазирлигини оналар ва болалар ўлими муаммосига эътибор қаратишга чақирди, дея хабар беради Kun.uz мухбири.
Бугунги кундаги энг долзарб масалалардан бири бўлган аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида қатор мақсадли миллий дастурлар амалга оширилмоқда. Болаларнинг ирсий ва туғма касалликлар билан туғилишининг олдини олиш мақсадида республика ва ҳудудий скрининг марказлари ташкил этилди. Қишлоқ врачлик пунктлари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникаларини оптималлаштириш орқали бирламчи тиббий санитария ёрдамини кўрсатиш тизими такомиллаштирилди. Бироқ шунга қарамасдан, оналар ва болалар ўлими ҳолатларининг олдини олишга доир ишлар етарлича самара бермаяпти.
"Афсуски, ҳомиладор аёллар тўлиқ чуқурлаштирилган скрининг текширувларидан ўтказилмаяпти, оналар ва болалар ўлими кўрсаткичлари юқорилигича сақланиб қолмоқда. Шунингдек, аҳоли ўртасида руҳий ҳолат бузилишини, хулқ-атвор бузилишини ташхислаш ва уларни даволашни ташкил этиш талаб даражасида эмас. Бу эса, ўз навбатида, оила, турмуш даражасидаги салбий ҳолатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу масалаларни, албатта, чуқур ўйлаб кўриши керак", - дея таъкидлади Бош вазир.
Шунингдек, пойтахтдаги оилавий поликлиникалардан бирининг шифокори томонидан берилган ҳомиладор аёллар бўйича электрон маълумотлар базасини яратиш таклифи жуда яхши таклиф бўлгани таъкидланди ва бу дастурни тузиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигига 1 ой муддат берилди.
Бундан ташқари, Абдулла Арипов турмуш қуриш ёшини 18 ёш этиб белгилашга доир таклифни кўриб чиқиш вазифасини берди.
"Борган сари билағонлар томонидан белгиланган ёшни сунъий равишда тушириш ҳолатлари кузатилмоқда. Ўйлашимча, инсон организми, унинг жисмоний ҳолати бунга тайёр бўлиши керак. Ўзи ёш бола бўлиб, қўлида боласи бўлса, қандай қилиб уни катта қилади?! Бу масала ҳам Адлия вазирлиги билан биргаликда кўриб чиқилади", - деди у.
Мавзуга оид
11:50 / 29.10.2019
Ўзбекистондаги бешта партия бош вазир лавозимига кимларни номзод қилмоқчи?
09:49 / 10.09.2019
Бош вазир қабулхоналари қошида тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгашлари ташкил этилади
22:52 / 14.05.2019
Ўзбекистонда бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилмоқда
19:11 / 11.04.2019