08:09 / 26.12.2018
3748

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Пекинда музокаралар ўтказди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2018 йилнинг 24 декабрь куни Пекин шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг 16-раунди бўлиб ўтди. Бу ҳақда ТИВ хабар қилмоқда.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Дилшод Ахатов ва Хитой ташқи ишлар вазири ёрдамчиси Чжан Ханхуи бошчилигидаги икки мамлакат делегациялари томонидан давлатлараро муносабатларнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари юзасидан атрофлича фикр алмашилди, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги алоқаларнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди.

Олий даражадаги Ўзбекистон-Хитой учрашувлари, ҳукумат делегациялари, ишбилармон доиралар, икки мамлакатнинг маданий-гуманитар соҳа вакиллари ўртасидаги музокаралар давомида эришилган келишувларни амалга ошириш батафсил кўриб чиқилди.

2019 йилда режалаштирилган давлат раҳбарлари иштирокида, жумладан «Бир макон, бир йўл» иккинчи халқаро форуми доирасидаги тадбирлар жадвали ва кун тартибига алоҳида эътибор қаратилди.

2018 йилдаги савдо-иқтисодий соҳадаги икки томонлама муносабатлар якунлари сарҳисоб қилинар экан, уларнинг динамик ва ўзаро фойдали бўлганлиги мамнуният билан қайд этилди. Январь-октябрь ойларида савдо ҳажми 5 миллиард АҚШ долларидан ошди, бутун 2017 йил давомида эса бу кўрсаткич 5 миллиард доллар атрофида бўлган эди.

Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Шу куннинг ўзида Ўзбекистон делегацияси Ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро қўмитасининг Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик бўйича кичик қўмитанинг олтинчи мажлисида иштирок этди, дейилади хабарда.

Top