Жаҳон | 19:30 / 26.12.2018
16883
1 дақиқада ўқилади

Порошенко Украинада ҳарбий ҳолат якунига етганини эълон қилди

Фото: Украина президенти матбуот хизмати

Украина президенти Пётр Порошенко мамлакатда ҳарбий ҳолат якунланганини расман эълон қилди.

"Бугун ҳарбий ҳолат ниҳоясига етади. Бу менинг қатъий қарорим, у хавфсизлик соҳасидаги мавжуд вазиятнинг барча жиҳатларини таҳлил қилиб чиқишга асосланган", деди у ҳамда ҳарбий ҳолат муддатини узайтиришни режалаштирмаганини айтди.

Украина президенти ҳарбий ҳолат натижасида мамлакатнинг мудофаа қобилияти сезиларли даражада ошганини қайд этди. Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, ҳарбий ҳолат жорий этилган ўнта областда жиноятчилик одатдагидан 26%га камайган.

Ҳарбий ҳолат 26 ноябрь куни мамлакатнинг ўнта областида 30 кун муддатга жорий этилганди. Бунга 25 ноябрь куни Керчь бўғозида Украина кемалари билан содир бўлган вазият сабаб қилиб кўрсатилган. Ўшанда Украинага қарашли учта кема Россия чегарасини бузиб киришда айбланиб ҳибсга олинганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид