Жамият | 21:40 / 27.12.2018
18715
4 дақиқада ўқилади

«Ўзбекконцерт» раҳбари: «Бир йил ичида фонограммани йўқотишни режалаштирмоқдамиз»

Бугун, 27 декабрь куни «Ўзбекконцерт» давлат муассаси томонидан миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси ва 2018 йил якунлари доирасида йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда эстрада санъати соҳасида учраётган баъзи камчиликлар ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида бир қатор вазифалар белгилаб олинди.

Булар:

− миллий қадриятлар асосида эстрада қўшиқчилик санъатини янада ривожлантириш;

− истеъдодли эстрада хонандаларини аниқлаш;

− миллий эстрада қўшиқлари намуналари асосида тарбиялашга йўналтирилган оммавий-маданий тадбирлар, концертлар ва гастролларни тизимли ташкил этиш;

− «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ҳузуридаги «Ўзбекистон халқ артистлари клуби» фаолиятини янада ривожлантириш ва бошқа қатор вазифалар.

Kun.uz мухбири хабар беришича, йиғилишда муассаса директори Одилжон Абдуқаҳоров Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепцияси «Ўзбекконцерт» давлат муассасасининг фаолиятида дастуриламал дея тан олиниши ҳақида айтиб ўтган.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27 йиллиги муносабати билан чекка ҳудудлардаги ёш истеъдод эгаларини излаш, уларни катта саҳнага чиқариш мақсадида «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси томонидан танлов эълон қилингани ҳақида маълумот бериб ўтилди. Йиғилишда ҳудудий бўлинмалар тақдирланди, пул мукофотлари сертификат тарзида тақдим этилди.

«Ҳар бир излаб топилган истеъдодли ёш учун бўлимларга 5 миллион сўмдан берилиши айтилган эди. Бу ишларнинг бажарилишида сусткашликка йўл қўйган Сирдарё ва Тошкент вилояти ҳудудий бўлинмаларимиз раҳбарларини лавозимидан озод этдик.

Бизга ушбу концепция тайёр пиширилган ош бўлди. Барча вазифалар белгилаб ўтилган. Бу бизга янада кўпроқ масъулият юклайди. Концепцияга биноан, чекка ҳудудларда ёшлар билан ишлаш, «устоз-шогирд» анъаналарини давом эттириш масаласи мавжуд. Биз ўзимизга вазифа олдик. Яъни, жонли ижрода концертлар ташкил этиш, бир йил ичида фонограммани босқичма-босқич йўқотиш бўйича қонун лойиҳаси ишлаб чиқдик. Бу қонун лойиҳаси тасдиқдан ўтиши кутилмоқда. Ҳозирги кунда олиб борилаётган ишлар янада масъулият юкламоқда. Бизда клипларнинг сифати назорати бўйича тузилган махсус Кенгаш мавжуд. Бир йил давомида тажриба асосида кўрдик. Бу Кенгаш 18 марта йиғилиш ўтказди. Жами бўлиб 185та видеоклипни кўриб чиқдик. Улардан 46таси рад этилди. Охирги пайтда жонли ижрода концерт бериш имкониятига эга санъаткорлар ҳам фонограммага ўтиб кетган эди. Ҳозир яна ҳамма ўзининг устида ишлашни бошлади», дейди «Ўзбекконцерт» раҳбари йиғилиш давомида.

«Аввалари бизнинг тизим фақат рўйхатга олиш билан шуғулланар эди. Ким ариза билан келса, рўйхатга олиб қўяверар эдик. Ҳозир энди ҳолат умуман ўзгарди. Биз жуда кўп таъкидладик. Жонли ижрога ўтинглар, ўтинглар деб. Шунда ҳаммаси сараланарди. Лекин, бу билан уларга дарров тақиқ қўймаяпмиз. Уларга имкон беряпмиз», дея таъкидлади ижодий кўмаклашувчи вакиллар гуруҳи раиси Аваз Мансуров.

Тадбир ниҳоясида «Ўзбекконцерт» директори Kun.uz мухбирига Жаҳонгир Позилжонов ижросидаги #SelfiMeningPrezidentim қўшиғи бўйича суриштирув ишлари бошлангани, бунинг натижаси албатта ОАВда эълон қилиниши ҳақида айтиб ўтди.

«Божалар» гуруҳи солисти Жаҳонгир Позилжоновнинг президент мадҳ қилинган қўшиғи декабрь ойининг иккинчи ярмидан ZO’R TV телеканали орқали эфирга узатилмоқда.

Бундан аввалроқ ушбу қўшиқ «Ўзбекконцерт» бадиий кенгашидан расмий рухсат олмагани маълум қилинганди.

Мавзуга оид