Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Давлат бюджети маблағларидан фойдаланиш тартиби, бюджет даромадлари ва харажатлари миқдори белгиланди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Қарорда давлат бюджети маблағларидан фойдаланиш тартиби қуйидагича белгиланди:
29. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ва биринчи навбатдаги тўловларни ўз вақтида молиялаштиришни таъминлаш мақсадида бюджет маблағлари олувчиларга бюджет маблағлари ажратишни аввал ажратилган маблағларнинг амалда ўзлаштирилишига қараб амалга оширсин.
Белгилансинки, вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларига солиқ бўлмаган тўловлардан ажратмалар меъёрларини ўзгартириш, шунингдек, янги турдаги ажратмаларни жорий этиш келгуси йилнинг бошидан амалга оширилади.
30. Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси тугатилсин.
Белгилансинки, Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармасидан аввал ажратилган маблағлар ва унинг қолдиқлари Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига ўтказилиши шарт.
31. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга кўра 2019 йил 1 мартдан бошлаб вазирликлар, идоралар, давлат мақсадли жамғармалари ва бошқа бюджет маблағлари тақсимловчилари бюджетдан ажратилган маблағлар, бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларидан фойдаланиш, ўтказилган танлов (тендер)лар ва сотиб олинган товарларни етказиб бериш ҳақидаги тегишли ахборотни ўз расмий веб-сайтларида жойлаштиради.
32. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
2019 йил мобайнида қатъий белгиланган купон ставкасида 5 йил ва ундан ортиқ муомала муддатига эга бўлган 500 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган суммада Ўзбекистон Республикасининг суверен облигацияларини чиқарсин ва жойлаштирсин;
2019 йил 1 майга қадар Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси билан биргаликда айрим бюджет ташкилотлари ва бюджетдан маблағ олувчилар фаолиятини тўлиқ ўзини ўзи молиялаштиришга ўтказиш борасида ўрганишларни амалга оширсин;
2019 йилдан бошлаб ноль ставкани қўллаш натижасида юзага келган қўшилган қиймат солиғи бўйича ортиқча суммани қайтаришни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадларини ушбу суммага камайтирган ҳолда амалга оширсин.
34. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъулияти ва манфаатдорлигини кучайтириш, уларнинг даромадлар бўйича ваколатлари ва харажатлар бўйича мажбуриятларини ошириш мақсадида 2019 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар:
а) қуйидаги даромадлар:
жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи, жисмоний шахсларнинг мол-мулкни ижарага беришдан олган даромадларидан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий белгиланган солиқ, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ (электр станцияларидан ташқари), ягона ер солиғи, айрим турдаги товарлар билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи ва айрим турдаги хизматларни кўрсатиш учун йиғимлар, бозорлардан тушадиган даромадлар, шунингдек, 26-иловага мувофиқ айрим норуда қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тушумлари, қонунбузарликларнинг айрим турлари учун жарималар туманлар ва шаҳарлар бюджетларига;
Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджети билан туманлар ва шаҳарлар бюджетлари ўртасида тақсимлаган ҳолда юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ, ягона солиқ тўловидан ажратмалар, алкоголь маҳсулотлари, пиво, бензин, дизель ёқилғиси ва газнинг чакана реализациясига акциз солиғи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига ўтказилиши;
б) қўшилган қиймат солиғи тушумларининг бир қисми (товарларни импорт қилишда олинадигани бундан мустасно), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (мол-мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бундан мустасно), юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи (Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса орқали фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси норезиденти томонидан тўланадигани, шунингдек, норезидентнинг даромадларидан тўлов манбаида ушлаб қолинадигани бундан мустасно) Ўзбекистон Республикаси республика бюджети билан Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятлар вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджети ўртасида тақсимланиши;
в) бюджет ташкилотларини молиялаштиришни 27-иловага мувофиқ Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига ўтказиш;
г) Ўзбекистон Республикаси республика бюджети билан Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетлари ўртасида тақсимланадиган солиқлардан (ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ва тамаки маҳсулотлари учун акциз солиғи бундан мустасно) маҳаллий бюджетларга ажратмалар 50 фоиздан кам бўлган тақдирда, ушбу солиқлар бўйича даромадларнинг прогноздан ошириб бажарилишидан ҳосил бўлган маблағларнинг 50 фоизи маҳаллий бюджетларга қайтарилиши;
д) Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетларининг даромадлари ва харажатлари ҳажмларини тасдиқлаш бўйича қарорлар қабул қилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига:
харажатларнинг етишмаётган суммасини алоҳида туманлар ва шаҳарлар бюджетларини режалаштиришда шаклланадиган ортиқча даромадларни Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети билан туманлар ва шаҳарлар бюджетлари ўртасида қайта тақсимлаш ҳисобидан қоплаш;
қўшилган қиймат солиғи (импорт қилинадиган товарларга қўшилган қиймат солиғи бундан мустасно), жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи (мол-мулкни ижарага беришдан олган даромадларидан олинадиган солиқ бундан мустасно), юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи (Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса орқали фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси норезиденти томонидан тўланадигани, шунингдек, норезидентнинг даромадларидан тўлов манбаида ушлаб қолинадигани бундан мустасно)нинг бир қисмини тегишли ҳудудларда қолаётган даромадлар доирасида йўналтириш;
даромадлар прогнозининг ошириб бажарилган маблағлардан бир қисмини ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун тегишли туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ўтказиш бўйича ваколатлар берилиши назарда тутилсин.
35. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2019 йилнинг январь ойида Марказий банк билан биргаликда 2018 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботда ўтказилган операцияларни акс эттирган ҳолда унинг ижроси бўйича якуний операцияларни қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширсин, жумладан:
юқори ва қуйи турувчи бюджетлар ўртасидаги ўзаро қарздорлик тўлиқ ҳажмда қопланишини назарда тутувчи бюджетлараро муносабатларни тартибга солиш;
тугатилаётган давлат мақсадли жамғармалари ва Республика йўл жамғармаси маблағларининг 2018 йил 31 декабрь ҳолатига қолдиқларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадларида акс эттирмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига ўтказиш;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасининг 2018 йил 31 декабрь ҳолатига ўзлаштирилмаган қолдиқларини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадларида акс эттирмаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига ўтказиш.
36. Сув таъминоти ташкилотлари томонидан жалб қилинган халқаро молиявий институтлар ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари қарзлари ва кредитларининг қайтарилиши етишмаган қисмида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши маълумот учун қабул қилинсин.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари сув таъминоти ташкилотларининг молиявий ҳолатини қатъий назорат қилиш, уларнинг молиявий оқимлари устидан мониторинг олиб боришни таъминласин, кредитларга хизмат кўрсатиш бўйича қўшимча маблағларни ундириш чораларини кўрсин ва маблағлар етмаган ҳолларда, асосий қарз ва фоиз тўловларининг қопланмаган қисмини Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг қўшимча даромадлари ҳисобидан молиялаштирсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадлари мавжуд бўлмаган ва қарздорликни тўлаш муддатлари келган ҳолларда қарздорлик ўз вақтида сўндирилмаслигига йўл қўйган сув таъминоти ташкилотларининг молиявий оқимлари устидан мониторингни таъминлаш бўйича таклифлар киритган ҳолда уларнинг халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари олдидаги қарздорлигини Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг қўшимча даромадлари ҳисобидан қоплаш ҳуқуқи берилсин.
37. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги 2019 йил охирига қадар пенсиялар тайинланганлиги ҳолати ва уларнинг тўлови миқдорлари тўғрисидаги маълумотномаларни бериш, шунингдек, кейинчалик Пенсия жамғармаси маълумотлар базаси билан интеграциялашувини амалга оширган ҳолда бола туғилганда бериладиган нафақа ва дафн маросими учун нафақалар тайинлаш юзасидан мурожаатлар бўйича давлат хизматлари кўрсатиш жараёни тўлиқ автоматлаштирилишини таъминласин.
38. 2019 йил учун қуйидагилар:
Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлар ва харажатлар ҳажмлари, Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан мақсадли ижтимоий трансфертлар миқдорлари 28-иловага мувофиқ;
2019 йил учун Қорақалпоғистон Республикаси бюджетига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига умумдавлат солиқлари тушумларидан ажратмалар нормативлари 29-иловага мувофиқ;
Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети, Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг айланма касса маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам миқдорлари 30-иловага мувофиқ;
2019 йил учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджетлари ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджети, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг захира жамғармалари миқдорлари 31-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
39. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда 2019 йил 1 апрелга қадар бюджет ташкилотларидаги мавжуд махсус қўриқлаш постлари сонини танқидий ўргансин ва уларнинг сонини мақбуллаштиришни назарда тутган ҳолда махсус қўриқланиши талаб этиладиган ташкилотларнинг янгиланган рўйхатини тасдиқласин.
40. 2019 йил 1 майга қадар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган мактабгача таълим муассасаларида болалар таъминоти учун ота-оналар тўловини 2018 йил учун белгиланган миқдорларда сақлаб қолган ҳолда 2019 йил 1 майдан бошлаб уларнинг миқдорлари 32-иловага мувофиқ белгилансин.
41. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2018 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва мақсадли давлат жамғармаларининг асосий параметрларини қуйидаги ҳажмларда аниқлаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин:
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети даромадлари 62 500 миллиард сўм, харажатлари – 74 000 миллиард сўм миқдорида;
Пенсия жамғармасининг даромадлари 23 520 миллиард сўм ва харажатлари – 20 483 миллиард сўм миқдорида;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасининг даромадлари 3 807,6 миллиард сўм ва харажатлари – 3 807,6 миллиард сўм миқдорида.
42. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг 2010 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида” 2009 йил 22 декабрдаги ПҚ–1245-сон қарори 24-бандининг амал қилиши 2020 йилнинг 1 январига қадар узайтирилсин.
Мавзуга оид
18:41 / 23.06.2026
Ўзбекистонда 464 та ёнилғи қуйиш шохобчаси фаолияти вақтинча тўхтатилди
07:27 / 08.05.2026
Хусусий тиббиёт ташкилотларига давлат бюджети ҳисобидан хизмат кўрсатишга рухсат берилди
20:08 / 05.05.2026
Электромобил эгаларига эҳтимолий субсидия миқдори маълум бўлди
10:07 / 03.04.2026