Жаҳон | 21:10 / 28.12.2018
8702
2 дақиқада ўқилади

Назарбоев муддатдан аввалги президент сайловларига тайёргарлик ҳақидаги гапларни инкор этди

Фото: РИА Новости / Алексей Никольский

Президентлик муддати 2020 йилда якунига етадиган, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев республикада муддатдан аввалги президент сайловларини ўтказишга тайёргарлик кетаётгани ҳақидаги гапларни инкор этди.

Аввалроқ қозоғистонлик сиёсатчилар 2019 йилнинг биринчи ярмида мамлакатда муддатдан аввалги президент сайловлари ўтиши мумкинлиги ҳақидаги фикрларни билдиришган. Улар бунинг аломатларини ҳукуматнинг бир қатор ташаббуслари, жумладан маошларнинг оширилиши, коммунал тарифларнинг пасайтирилишида кўришган. Сиёсатчилар, шунингдек, Қозоғистонда бир неча марта муддатдан аввалги президент сайловлари ўтганини эслаб ўтишган.

“Президент сайловлари 2020 йил декабрига белгиланган. Яна икки йил бор. Ўзи нима ҳақида гаплашяпмиз? Бу ҳақда яқин қолганда, гаплашамиз”, деб айтган Назарбоев маҳаллий ОАВга берган интервьюсида. 

Назарбоев 2018 йил ёзида 78 ёшини нишонлади. У Қозоғистон мустақилликка эришгандан бери мамлакатни бошқариб келади. Назарбоев 2015 йил 26 апрелда ўтган охирги навбатдан ташқари сайловларда 98 фоиз овоз билан 5-марта ғалаба қозонган. Конституцияга кўра, Назарбоев Қозоғистоннинг биринчи президенти сифатида бу лавозимга чекланмаган сонда сайланиши мумкин. 

Қозоғистон парламенти сенати раиси Қосим-Жўмарт Токаев жорий йил июнда “Би-би-си”га берган интервьюсида Назарбоев 2020 йилги президент сайловларига номзодини қўймаслиги ҳақидаги фикрни билдирган.  

Мавзуга оид