2003 йилда Ню Йоркда америкалик тадбиркор ҳибсга олинади. Ўша пайтда Қозоғистон президенти маслаҳатчиси бўлган тадбиркорга Нурсултон Назарбоев ва бош вазир Нурлан Балгимбаевга йирик миқдорда пора берганлик айби қўйилади. 2010 йилда АҚШ маълум шартлар эвазига тадбиркор, Назарбоев ва бош вазирдан айбловларни олиб ташлайди. Бу иш тарихда “Қозоқгейт” номини олган.

Бундан бир неча кун олдин, аниқроғи 2024 йил 14 декабр куни Қозоғистоннинг собиқ президенти Москвада Владимир Путин билан учрашган. Бироқ бу учрашув тафсилотлари ҳақида ҳеч қаерда расмий маълумот берилмади.

Назарбоевнинг илтимосига кўра учрашув тафсилотлари ошкор қилинмаган бўлиши ҳам мумкин. Учрашувдан хабар топган қозоқ ОАВ АҚШда Назарбоевга нисбатан “Қозоқгейт-2” иши бўйича суриштирув бошлангани ва собиқ президент шуни муҳокама қилиш учун Москвага борганини ёзиб чиқди.

“Қозоқгейт” иши 2000-йилларда бўлиб ўтган ва америкалик тадбиркорлардан бири Назарбоев ҳамда ўша пайтда Қозоғистон бош вазири бўлган шахсга 84 млн доллар пора беришда айбланганди.

Ўшанда тергов ва суриштирув ишлари бир неча йил давом этади ва охир-оқибат америкалик тадбиркор оқланади. “Қозоқгейт” иши Америка-Қозоғистон муносабатлари тарихидаги энг кескин воқеа бўлган.

Тадбиркорнинг ҳибсга олиниши ва “Қозоқгейт”

2003 йилнинг баҳорида Ню-Йоркдаги Жон Кеннеди номидаги халқаро аэропортда Парижга учадиган самолётга чиқмоқчи бўлган шахс ҳибсга олинади. Бу америкалик тадбиркор ва нефт бўйича маслаҳатчи Жеймс Гиффен эди.

Жеймс Гиффен

Гиффенга пора олиш ва бериш айблови қўйилганди. Унинг Франция пойтахтига учиши америкалик ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари томонидан қочиш деб талқин қилинган. Шу сабабли ҳам уни самолётга чиқишдан аввал тўхтатиб қолишганди.

Америка фуқаролиги ва яна камида Қозоғистоннинг дипломатик паспортига эга бўлган Жеймс Гиффеннинг қочиш нияти йўқ эди. Ўша куни унинг қўлида ортга қайтиш чиптаси ҳам бўлган.

Гиффен полиция бўлимига олиб кетилади ва бирмунча вақт ўтгач, “Хорижий коррупция амалиёти тўғрисида”ги қонунни бузгани учун судга тортилади.

Бу қонун 1970-йилларда президент Ричард Никсоннинг истеъфога чиқишига сабаб бўлган “Уотергейт” можароси туфайли қабул қилинганди.