Шавкат Мирзиёев парламентга йўллаган мурожаатномасида олдимизга қўйган улкан вазифаларни амалга оширишда биз учун куч-қудрат манбаи бўладиган миллий ғояни ривожлантиришимиз зарурлигини алоҳида қайд этди. Хусусан, миллий ўзлигимизни англаш, ватанимизнинг қадимий ва бой тарихини ўрганиш, бу борада илмий-тадқиқот ишларини кучайтириш, гуманитар соҳа олимлари фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз лозим. Ўтмишга берилган баҳо албатта холисона, энг муҳими, турли мафкуравий қарашлардан холи бўлиши зарур.
Дарҳақиқат, бугун дунёнинг нотинч ва оловли нуқталарида содир этилаётган мудҳиш фожиа ва ҳодисалар, афсуски, кўп ҳолларда муқаддас ислом дини номи билан боғлаб талқин этилмоқда. Бунинг сабаблари барчамизга аён. Ислом фундаментализми, радикализми деб ном олган, ислом байроғи остида ҳаракат қилувчи ёвуз ва вайронкор куч, таассуфки, ҳаётда мавжуд.
ХХI асрга келиб кишилик жамиятида мисли кўрилмаган хавф-хатар пайдо бўлди: глобаллашув, асл қадрият ва ўзга маданиятни йўққа чиқариш, шу тариқа миллатни ўз илдизидан узиб, манқуртга айлантириш, «оммавий маданият»ни ёйиш ҳаракати авж олди. Миллатнинг ўзлигини, ўзига хос фазилатларини йўқ қилиш учун кураш кескинлашди. Бугун ҳудудларни мустамлака қилиш учун миллатлар ўзлигини, қиёфасини ислоҳ қилиш, асл илдизидан, тарихдан, асл сарчашмалардан узиш, мамлакатларни маънавий «мустамлака» қилиш оддий ҳодисага айланди. Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, бу мудҳиш хатардир.
Хўш, нега улар миллатларни тарихидан, маданиятидан, миллий ўзлигидан жудо этмоқда?
Сабаби шуки, миллат айнан ўз тарихи, миллий маданияти ва қадриятларидан куч олиб, ўзини ўзи янгилайди ва келажакка ҳозирлайди. Қаердаки миллият, миллий ифтихор ва миллий ғурур бўлса, халқни енгиб, маънавий мустамлака қилиб бўлмайди. Айнан шунинг учун «оммавий маданият» ҳам, диний мутаассиблик ҳам миллатнинг ифтихор ва ғурур тўла фазилат ва хислатларини емиришга ҳаракат қилади.
Хўш, биз жамиятни бу хавфдан асраш учун нимага эътибор қаратишимиз керак? Масала шу ҳақда.
Аввало, шуни айтиш керакки, инсон зотини тутиб турадиган муқаддас қадриятлар унчалик кўп эмас. Булардан энг мўътабарлари иймон—эътиқод, поклик, маърифат ва одамийликдир. Шунингдек, инсоннинг ўзлиги — миллий ғурури ва ватанга муҳаббат туйғуси ҳам ғоят қимматли. Биз яқин юз йилликда қарамликда яшаган халқмиз. Динимиз ҳам, миллий манфаатларимиз ҳам камситилди. Дин ва миллийлик учун курашган фидойилар қатағонга учради. Бу икки тушунчани тамоман халқ онгидан бадарға қилишга уринилди. Аммо бу туйғулар халқ шуурида, онг остида яшаб келди.
Мустақилликдан кейин диний эътиқод эркинлигига йўл берилди. Мусулмонлар масжидга чиқиб намоз ўқиш, диний маросимларни ўтказиш ҳуқуқига эга бўлди. Дин кишига уйғоқлик бағишловчи, жамиятга таъсир этувчи кучга айлана бошлади. Мана шу даврда минг афсуски, мутаассиблик кўринишлари ҳам воқеъ бўлди. Бунинг бари мустабид сиёсатдаги хатоликлар, коммунистик дунёқараш ва янги воқелик ўртасидаги зиддиятлар туфайли содир бўлди. Муайян қора гуруҳнинг «Ўзбекистонда ислом давлати қурамиз» деб содир этган қонхўрликларини бир эсга олинг. Мана шу ҳаракат жуда кўп ёшларнинг уйини куйдириб юборгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Агар биз ўз вақтида мўътабар динимизни тараққиётга хизмат қилувчи кучга айлантира олганимизда шу йўқотишлар содир бўлмас эди.














