Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети ўқитувчиси Беҳзод Қобулов ўз блогида Миллий ғоя самарадорлигини ошириш йўлида фанни ўқитишдаги ўз тажрибасини баён қилган.

Қуйида пост ўзгартиришларсиз қайта нашр этилган.

Мен таълим ундай бўлиши керак, бундай бўлиши керак деган даққиёна хоҳиш-истакларни, вайсашларни хуш кўрмайман. Худди бахтли бўлишнинг муайян рецепти бўлмагани каби, таълим жараёнида ҳам қатъий, ўзгармас қоидалар йўқ, деб ҳисоблайман. “Ихлос билан боққил китоб юзига”, дейди буюк шоир Махтумқули Фироғий. Ихлос билан билим олмоқчи бўлган талабгорга ҳамиша имкон, шароит топилган ва топилади. Бу йўлга кирганнинг шарт-шароит талаб қилиши ҳам, аслида недир маҳдудликдан, фикри торликдан дарак.

Аммо масаланинг бошқа томони – таълимни ташкил қилишга доир қисми ростдан ҳам ўйловга муҳтож. Таълимни ташкил қилишда давлатнинг роли, услубий ёрдами, раҳбарлик қилиши, кенгроқ қараганда, бир қадар нисбий ҳолатдир. Чунки, барибир бу жараёнда ўша умумий кўрсатмалар, методологик тавсиялар асосида фан ўқитувчиси эркин, мустақил фаолият юритаверади. Мана шу нуқтада ноқислик бўлиши мумкин. Соҳасини тушуниб-тушунмай ишлаётган ўқитувчилар, муомала лаёқати чатоқ мураббийлар, назарий билими суст педагогларнинг ҳам мавжудлиги, давлатнинг инон-ихтиёридан ташқарида, ундайлар айланиб-ўргилиб сермоя жойларга ўрнашиб олаверадилар. Улар ҳар гал аттецтация ва текширувлардан мулойимлик билан ўтишлари, неча йиллик педагогик стажга эга бўлишлари мумкин, аммо ақалли битта ўқувчи ёки талабанинг қалбига ёруғ хаёлларга ошинолик ҳиссини юқтира олмасалар керак.
Гап замонавий таълим ҳақида кетар экан, умумий гап-сўзлардан тийилиб, аниқ манзилли мулоҳазаларимни баён қилмоқчиман.

Айни пайтда ўриндошлик асосида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида фаолият кўрсатаман. Бу масканда тўртинчи босқич талабаларига “Миллий ғоя: асосий тушунча ва тамойиллар” фанидан амалий машғулот (семинар) ўтаяпман. Асосий касбим журналист, фалсафа бўйича аспирантурада ўқиганман. Демак, ҳар икки соҳани омихта қилиб, талабалар билан реал мулоқот қилиш имконим бор. Жами ўнта гуруҳда 250 га яқин талабалар билан (Учинчи инглиз тили ва роман-герман факультети талабалари) бевосита ишлайман, фикрлашаман. Ҳа, айнан фикрлашаман...

Илк марта дарсга кирганимда, талабаларнинг юзида алланечук беписандлик, истеҳзо ҳиссини кўргандай бўлдим. Гап шундаки, фикримча, аслида битирувчи курс талабаларига миллий ғоядан дарс ўтиш мутлақо нотўғри. Бу вақтда талабанинг фикрати миллат ғоясини қабул қиларли даражада сокин, ўзлаштиришга мойил кайфиятда бўлмайди. Аммо дастурга киритилган экан, на илож? Маош керакми, дарсингни ўт, мулла Беҳзод! Салом-аликдан кейин уларга битта нарсани, яъни дарс давомида “Миллий ғоя” деган сўзни ишлатишни таъқиқладим. Мана шу сўзимнинг ўзиёқ, маълум даражада, талабаларда ўқитувчи шахсига қизиқиш уйғотди. Чунки, мен бу талабалар ҳақида баъзи тафсилотларни билардим, чамалаб кўрган эдим. Келинг, дастлаб мавжуд манзарага назар ташлайлик.