Инсоният пайдо бўлибдики, энг долзарб, энг машаққатли ва энг қийин вазифа – ёшлар масаласи бўлиб келган. Мутафаккир ва алломалар, зиёлилар жамиятнинг ривожи, тинчлиги ва хотиржамлигини ёшлар тарбияси билан боғлагани бежиз эмас. Тарбия масаласи қадрият, анъана билан боғлиқликда ҳал этишга ҳаракат қилинган бўлса, ўша жойда ривожланиш бўлган. Ёшлар тарбиясига эътиборсизлик бўлган жойда инқироз ва ўпирилишлар содир бўлган.
Яқинда айни шу ёшлар тарбиясига доир бир мавзуда турли соҳа мутахассислари билан суҳбатлашдим. Сиёсатшунос Равшан Байкуловнинг айтишича, фан ва техника жадал ривожланаётган ҳозирги шароитда, аксари ёшлар олдида турли муаммоларнинг пайдо бўлиши, биринчи навбатда, уларнинг дунёқараши тамомила ўзгарганида.
— Бу ёшлар вақтини бекорга сарфлаб, кунларини ижтимоий тармоқларда ўтказмоқда, — дея давом этади сиёсатшунос. —Ер юзидаги аҳолининг 20 фоизини ёшлар ташкил қилади. Афсуски, миллионлаб ёшлар мактаб нима эканини умуман билмайди. Яъни, улар, мутлақо саводсиз. Яна шуни ҳам айтиш керакки, кичик муаммолар ўз-ўзидан йирикларини келтириб чиқаради. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида ёшлар орасида эрта турмуш қуриш оддий ҳолга айланди. Эрта қурилган ёш оилаларда арзимас, кичик-кичик муаммолар пайдо бўлади. Бу муаммолар аста-секин катталашиб бораверади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, ҳали оила аталмиш муқаддас даргоҳнинг нима эканини тўлиқ англаб етмаган, рўзғор қуришга мутлақо тайёр бўлмаган бу ёшларнинг турмуш қуришига нима сабаб бўлган? Бунга ота-оналарининг хоҳиши ёки аллақандай ўткинчи бир ҳавас билан, деган жавобни ҳеч иккиланмасдан айтишим мумкин. Масалан, айрим Шарқ мамлакатларини олинг, ёшлар ота-оналарининг хоҳиши ва қандайдир ўйлаб топилган удумларга кўра, эрта турмуш қуради. Ғарбда айтиб ўтганимдек, ўткинчи бир ҳавас орқали оилалар бунёд бўляпти. Хўш, кейин нима бўлади? Бу оилаларда аксарият ҳолларда носоғлом фарзандлар дунёга келиши, рўзғорда учрайдиган турли ноўрин гап-сўзлар хатти-ҳаракатлар оилаларнинг барҳам топишига, яъни оилавий ажрим билан ниҳоясига етади.
Эътибор берган бўлсангиз, жаҳон ёшлари орасида ишсизлик муаммоси ҳам бугунга келиб энг долзарб мавзуга айланди. Ҳозир, ҳатто, энг ривожланган мамлакатларда ёшлар бандлигини таъминлаш катта муаммога айланди. Уларнинг кўпчилиги хорижда иш топаман деб одам савдоси аталмиш жирканч жиноятнинг қурбонига айланмоқда.
— Эсингиздами, бундан 4-5 йил олдин Яқин Шарқ ва Шимолий Африка мамлакатларида оммавий тартибсизликлар, “рангли инқилоблар” юз берганди, — дея гап бошлайди файласуф Ўктам Тиловов. — Айнан шу тўполонларнинг бошида ким турганди? Албатта, ўзининг фикрига эга бўлмаган, ким нима деса, шунга эргашиб кетадиган, бошқача қилиб айтганда, мафкуравий иммунитети суст бўлган ёшлар турганди. Умуман, кейинги йилларда, дунёда бу каби тартибсизликларни амалга оширишда вайронкор кучлар, мафкуравий курашларда, оммавий тадбирлардан технологик асосга ўтди. Яъни? Яъни улар профессионаллашди. Ҳозир ахборотни қабул қилувчидан кўра, уни бошқаларга етказадиган “фикр лидерлари”нинг сонини кўпайтириш йўлга қўйилган. Бузғунчи ғояларни тарғиб этувчилар одамларда шаклланган мафкуравий эътиқодни ўзгартиришга интилмоқда.













