Жаҳон | 23:12 / 30.12.2018
11109
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Ин Жанубий Корея етакчисига кўпроқ саммитлар ўтказишни таклиф қилди

Фото: Pyongyang Press Corps Pool / AP

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин жанубий кореялик ҳамкасби Мун Чжэ Инга мактуб йўллади. Ким Чен Ин мактубда Жанубий Корея раҳбарига кейинги йилда кўпроқ биргаликдаги саммитлар ўтказишни таклиф қилган. Ким Чен Ин шу йўл билан Корея яриморолини ядровийсизлаш бўйича мақсадга тезроқ эришиш мумкинлигига умид билдирган.  

Шимолий Корея етакчиси, шунингдек, минтақада “тинчлик ва фаровонликка эришиш ва сақлаш” бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттиришга чақирган.  

Поёнига етган жорий йилда икки давлат етакчиси бир неча йиллик қарама-қаршиликлардан кейин учта саммит ўтказди. Ким Чен Ин ўз мактуби билан давлатлар ўртасидаги кескинлик камайганини таъкидлаб ўтган ва жорий йилда Сеулга бора олмаганидан афсус билдирган. Шимолий Корея раҳбарининг таъкидлашича, яқин орада у албатта Жанубий Корея пойтахтига боради.

Таъкидланишича, Ким Чен Иннинг мактуби унинг шимолий кореяликларга Янги йил мурожаатидан бир неча кун аввал келган. Шимолий Корея етакчилари анъанага кўра бу мурожаатдан муҳим сиёсий қарор ва мақсадларни эълон қилишда фойдаланишади.

Мавзуга оид