Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин Kun.uz’га берган интервьюсида 2021 йилгача барча болалар мактаболди таълими билан қамраб олинишини таъкидлаб ўтди.

— Яна бир нарсани алоҳида қайд этиб кетмасам бўлмайди. Айни пайтда Тошкент шаҳри, Фарғона вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида нишона лойиҳа сифатида 6 ёшли болаларни ҳафтада 5 кун 3,5 соатдан бепул ўқитиш йўлга қўйилмоқда…
— Бу мактабга тайёрлаш учун бўлса керак?
— Ҳа. Кўпчилик ҳозир буни унчалик тушунмаяпти. Бу ўзи нега керак, деган фикрлар ҳам бўляпти. Айни пайтда 1-синфга қабул қилинган болаларнинг билим даражаси жуда фарқланади. Кимдир хусусий тайёрлов курсларига борган, кимдир қисқа гуруҳларга… Ҳаттоки болалар боғчасига бормаган болакай эса ўқишдан ортда қола бошлайди. Чунки болада мотивация йўқолади, бошқа тенгдошлари даражасига чиқишдан кўнгли совийди ва ўша паст даражада қолиб кетади. Аксинча, яхши тайёргарликка эга бўлган бола болалар боғчасига ҳам бормаган тенгдошлари ичига тушиб қолса, у бор билимини тўғри сарфлай олмасдан, пасайишга кетади.
Шу нуқтаи назардан, бир йиллик, бепул мактаболди таълими болаларимизнинг бир хил даражада билим олишлари имконини беради. Уларнинг барчаси 1-синфда таълим олишга бир хил чоғланган бўлади.
— Яъни, тизим бутун мамлакат бўйлаб қўлланилади?
— Албатта. 2021 йилга бориб 6 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларнинг 100 фоизи мажбурий таълим билан қамраб олинади. Сизнинг кўзингиздаги саволлардан уқиб оляпманки, боласи кун бўйича боғчада бўлишини истаган ота-оналар нима қилади, деган савол бор. Улар қўшимча тўлов эвазига боласининг кун бўйи боғчада бўлишига эришишади.
— Яна бир муаммоли масала ҳақида гаплашсак: Тошкент шаҳридаги ва вилоятлардаги боғчалар ўртасида катта фарқ бор. Айтайлик, қишки мавсумда иситиш масаласида. Электр ва газ таъминоти, деганларидек. Буларнинг барчаси маҳаллий ҳокимият органларининг гарданида, тушунамиз. Ёки вазирлик ҳам буни ҳал қилишда иштирок этяптими?
— Куз-қиш мавсумига тайёрлашда асосий функцияни маҳаллий ҳокимият органлари ўз зиммасига олади, албатта. Лекин вазирлик ҳам қараб ўтирмайди. Биз мониторинг юритамиз. Кузатамиз, назорат қиламиз. Чунки ҳукуматимиз томонидан донорлик ёрдамлари мунтазам ажратилиб турибди. Мавжуд инфратузилма чиндан ҳам ташвишланарли.
















