Жиззах вилояти мактабгача таълим бошқармаси ва туманлардаги бўлимлар томонидан мактабгача таълим соҳасида қабул қилинаётган қарорлар ижросини таъминлаш, давлат мактабгача таълим муассасаларини таъмирлаш ҳамда вилоятда нодавлат таълим муассасаларини ташкил этиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.





- Бугунги кундан Жиззах вилоятида 449 та мактабгача таълим муассасалари фаолият юритмоқда. Вилоятдаги ушбу таълим муассасаларида жами 48298 нафардан ортиқ 3-6 ёшли болалар қамраб олинган. Соҳада нодавлат мактабгача таълим муассаларини кенгайтириш мақсадида ҳар бир туман, шахарларда оилавий ҳамда давлат хусусий шерикчилик асосидаги муассаларни ташкил этиш жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бугун вилоятда ташаббускор тадбиркорларимиз томонидан ташкил этилган 5 та ана шундай давлат хусусий-шерикчилик асосидаги таълим масканлари Президентимизнинг “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида” ги 3651-сонли қарорига асосан имтиёзли кредитлар эвазига очилди. Ш. Рашидов туманида 150 ўринга мўлжалланган “Лайло Бэби”, 100 ўринли “Болалик беғуборлик”, Ғаллаорол туманида 50 ўринли “Юксак Ниҳол”, Зарбдор туманида 50 ўринли “Юртимиз камалаги” ва Жиззах шаҳрида 70 ўринли “Афросиёб кучи” ана шулар жумласидандир. Ушбу таълим муассасаларида жами 75 та иш ўрни яртилди. Биз 2019 йил сўнгига қадар 37 давлат ва хусусий шерикчилик асосида , 10 та хусусий нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини йўлга қўйиш режалаштирганмиз. Айни кунда вилоятда 3-6 ёшдаги болалар 111 890 нафарни ташкил этса, шулардан 47338 минг нафари мактабгача таълим муассасаларига жалб этилган. Бу эса 43,2 фоизни ташкил этади дегани. Ниятимиз ушбу кўрсаткични 54-55 фоизга чиқариш. 2018 йилнинг бошида бор-йўғи 300 нафар олий маълумотли мутахассилар фаолият олиб борган бўлса, бугун улар 1300 нафарни ташкил этади, - дейди Жиззах вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Низомиддин Тошбеков




























