08:59 / 16.08.2021
7548

Пахтачида МТБ мансабдорлари ярим млрд сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилгани айтилди. Вазирлик муносабат билдирди

Фото: KUN.UZ

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Пахтачи туманида мактабгача таълим бўлими мансабдор шахслари ярим млрд сўмдан ортиқ маблағни талон-торож қилгани айтилди. Мактабгача таълим вазирлиги ахборот хизмати ҳолатга муносабат билдирди.

Муносабатда ёзилишича, Пахтачи туманида мактабгача таълим мансабдорлари бюджет маблағини ўзлаштиргани ҳақида хабар эски бўлиб, у ижтимоий тармоқларда 2019 йилда тарқалган. Мазкур хабар юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Самарқанд вилоят бошқармаси ходимлари 2019 йил 14 октябрдан 22 октябргача текширув ишлари олиб борган.

Текширувда бюджет маблағида камомадлар йўқлиги, давлат харидлари тўғрисидаги қонун талаблари бузилмагани, харид қилинган моддий товар-бойликлар ўз ўрнида ишлатилгани, бўлим томонидан кирим қилинмаган товарларга тўлов ўтказилмагани аниқланган.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарда «Саркор олтин гўзали» МЧЖга тумандаги мактабгача таълим ташкилотларига газ плитаси етказиб бериш учун пул ўтказилгани ҳақидаги тўлов квитанцияси расми акс этган. Ҳолат ўрганилганда унда кўрсатилган бош ҳисобчи М.Э. 2019 йилда бу тизимда фаолият кўрсатмагани аниқланган. Қолаверса, мактабгача таълим ташкилотлари тўғридан тўғри пул ўтказа олмаслиги туфайли тўлов варақаси сохта ясалгани ва ҳеч қандай асосга эга эмаслиги маълум бўлган.

Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабар тасдиқланмагани учун ўша пайтда бу ҳақдаги хабар айрим сайтлардан ўчирилган.

«Веб-сайтлар ва блогерларга ахборотни тарқатишдан аввал текшириб кўришларини сўраб қоламиз», дейилади муносабатда.

Top