Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Яна “заправка”да газ нархи кўтарилди. Фарғона водийси “заправка”ларида навбат йўқ, босим баланд, аммо...
Мана қарийб, уч ҳафта мобайнида водий вилоятларидаги автомобилларга газ қўйиш шохобчаларидаги узундан-узоқ навбатлар билан боғлиқ муаммолар ҳақида жуда кўп мақолалар эълон қилдик.
Маълумки, ҳар йили совуқ фасл келиб, ҳарорат минус даража томон тушганида, табиий газ босими пасайиб водий вилоятлари аҳолиси учун жиддий қийинчиликлар юзага келади. Бу йил мазкур муаммоли ҳолат оммавий ахборот воситаларида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.
Декабрь ойининг сўнгги кунида “Ўзтрансгаз” АЖ раиси Баҳодир Эшмуратов Андижон, Наманган ва Фарғона вилояти аҳолиси 2019 йилни иссиқ хонадонларда кутиб олиши ҳақида хушхабарни эълон қилди.

Дарҳақиқат, водийнинг уч вилоятида яшовчи аҳоли вакиллари табиий газ босими сезиларли даражада кўтарилганини билдирдилар.
Айниқса, автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчаларида босим кўтарилгани янада аниқроқ намоён бўлгани бор гап. Чунки, метан “заправка”лари атрофида навбатлар деярли йўқолган. Кечки соат 20да беркитилаётган шохобчалардан чеклов олиб ташланиб, энди масканлар узлуксиз фаолият юритмоқда.

Бироқ, “заправка”лар босим билан биргаликда газ нархини ҳам кўтариб олгани таажжубли ҳолат. Бу ҳақда водийнинг турли бурчакларидан мурожаатлар келиб тушмоқда. “Фарғона вилояти, Қува туманидаги газ “заправка”сида навбат йўқ. Лекин, нарх бирданига 400 сўмга ошганига ҳайрон бўлдик. Метан газ нархи 1900 сўмдан 2300 сўмга чиққан”, – дея ёзади қувалик ўқувчимиз. Худди шундай мурожаатлар Андижон вилоятидан ҳам келди.
Водийни айланиб, метан газ қуйиш шохобчаларида бўлдик. Андижон шаҳрига кираверишдаги халқ “стрелка” дея атовчи шохобчада метан газ нархи 2200 сўм экан.
Уйшин қишлоғидаги масканда эса 2100 сўмдан қуйилмоқда.

Наманган вилоятида фаолият юритаётган деярли барча метан “заправка”ларида нарх барқарор 1900 сўм. Бунга Уйчи туманидаги шохобчада ҳам гувоҳ бўлдик. Наманган шаҳри атрофидаги “заправка”ларда ҳам бир хил 1900 сўмлик нарх сақланиб қолибди.
Шуни алоҳида айтиб ўтиш керакки, водийдаги “заправка”ларда керакли саволларингизга жавоб олишнинг иложи йўқ. Сабаби, шохобчаларда масъул раҳбарлар томонидан қўйилган иш юритувчилар фаолият олиб боради. Улар деярли учинчи шахс. Ишга қўйилган мазкур бошқарувчилар фақат “катталардан сўрашимиз керак”, деган жавобни бериши мумкин, холос.
Водий автомобилларга сиқилган газ қуйиш шохобчаларидаги нархларнинг “ранг-баранг”лиги ҳақли саволларни келтириб чиқармоқда.

Нарх ёқилғи-энергетика ресурсларининг нарх ва тарифларини босқичма-босқич ўзгартириш тўғрисидаги маълум қарорга асосан кўтарилган бўлса ёки солиқ сиёсатидаги ўзгаришлар таъсирида ошган бўлса, уч вилоятда уч хил бўлиши мумкин бўлмас ҳолат.
Ёдингизда бўлса, бир ярим ой олдин, 2018 йилнинг ноябрь ойида ҳам водий “заправка”ларида айнан худди шундай ҳолат кузатилган ва узоқ муҳокамалардан сўнг метан газ нархи барча шохобчаларда бир хил 1900 сўмга келтирилган эди.
Биз эса, Андижон, Фарғона вилоятлардаги нархлар бўйича “Ўзтрансгаз” АЖдан тегишли жавоб кутиб қоламиз.
Элмурод Эрматов,
KUN.UZ мухбири
Мавзуга оид
16:36 / 29.05.2026
Россиядан Ўзбекистонга суюлтирилган газ етказиб бериш 3,5 баробарга ошди
09:30 / 27.05.2026
“Коммерсант”: Россия Арманистонга газ етказиб беришни тўхтатиши мумкин
20:10 / 15.05.2026
Эҳтиёжманд оилаларга бериладиган компенсация миқдорлари оширилади
11:37 / 13.05.2026