Иқтисодиёт | 21:06 / 02.01.2019
16099
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бирламчи товар нархларини барқарорлаштириш бўйича таклиф билдирилди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Молия вазири Жамшид Қўчқоров йирик савдо дўконлари тармоқлари билан ҳамкорликда товарларнинг ҳар кунлик нарх ўзгаришини қайд этиш бўйича таклиф билдирди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

«Шаҳардаги маҳсулот ва хизматларнинг ўртача нархини доим кузатамиз. Лекин ҳар бир дўкондаги нарх-наводан хабаримиз йўқ. Бир таклиф бор: Korzinka, Makro каби йирик савдо дўконлари тармоқлари билан ҳамкорликда ҳар кунлик савдода муайян товарларнинг нархини қайд этишни бошлайлик. Агар тадбиркорлар бунга қарши бўлмаса, нархларни кузатиб борсак», - дейди у. 

Қўчқоровга кўра, товар нархи ошса, нега ва ўзгаришга қайси омил таъсир қилгани ўрганилади. 

«Биз айбдор бўлсак, чорасини кўрайлик», - деб фикр билдирган у. 

Йирик гуруҳлар бўйича нархларнинг ойлик таҳлиллари шуни кўрсатмоқдаки, 2018 йил давомида хизматлар тарифи ҳамда ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархлари барқарор ўсиш тенденциясига эга бўлган. Шунга қарамай, Молия вазири ислоҳотлар даврида бозордаги товарлар нархи асоссиз ошиб кетишига қарши курашмоқчи.   ​

Мавзуга оид