Иқтисодиёт | 17:43
1125
2 дақиқада ўқилади

Газ тўлдириш шохобчаларида пропан нархи қимматлашди

Фарғона водийси вилоятларидаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида пропан баҳоси 1 куб метр учун 5700-6000 сўмдан 6400-7000 сўмгача кўтарилди. Биржада ҳам нархлар оша бошлаган. Хусусан, 4-7 май кунлари пропаннинг ўртача нархи тоннасига 7 млн 244 минг сўмдан 7 млн 707 минг сўмгача ёки 6,4 фоизга қимматлашди.

Фарғона водийси вилоятларидаги ёнилғи қуйиш шохобчаларида пропан нархи сезиларли даражада қимматлашди. Хусусан, ўтган ҳафта бошида суюлтирилган газнинг 1 куб метри 5700-6000 сўм атрофида сотиб келинган бўлса, ҳафта охирларида нархлар 6400 сўмдан 7000 сўмгача кўтарилган. 

«Андижонда «заправка»га қараб пропан нархи 5700 сўмдан бошланарди. Ўтган ҳафта чоршанба кунидан бошлаб бирдан 6700 сўмга оширилиб қўйилибди. Ҳамма «заправка»да нарх бирдан кўтарилди», дейди Kun.uz билан суҳбатлашган андижонлик ҳайдовчи.

Охирги савдо сессияларида биржада ҳам нархлар кўтарила бошлаган. Хусусан, 4 май кунги савдоларда пропаннинг 1 тоннаси 7 млн 244 минг сўмдан сотилган бўлса, бу 7 майга  келиб 7 млн 707 минг сўмгача ёки 6,4 фоизга ошган. Биржадаги нархларнинг чакана нархларга қанчалик даражада таъсир қилаётгани номаълум.

Эслатиб ўтамиз, 12 январдан бошлаб Рақобат қўмитасининг тегишли кўрсатмаси билан Республика товар хомашё биржасида суюлтирилган газ нархининг бошланғич нархга нисбатан ошиш чегараси 20 фоиздан 10 фоизгача пасайтирилганди.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид