Жаҳон | 20:13 / 03.01.2019
10431
2 дақиқада ўқилади

Магнитогорскдаги фожиада ҳалок бўлганларни қидириш ишлари якунланди

Магнитогорскда газ портлашидан қулаган кўп қаватли турар жой биносининг вайроналари остидан 39-кишининг жасади чиқариб олинди. Бу ҳақда Россия фавқулодда вазият вазири ўринбосари Александр Чуприян маълум қилди. Унинг таъкидлашича, вайроналар остида бошқа ҳеч ким қолмаган. 

“Ярим соат аввал охирги жасадни чиқариб олдик. Қидирув-қутқарув операцияси якунланди”, деб маълум қилган Чуприян.

Аввалроқ Тошкент вақти билан соат 18:00да уй вайроналари остидан бир аёлнинг жасади чиқариб олингани маълум қилинган. Аёл фожианинг 39-қурбони бўлган.

Айни вақтда 38 жасаднинг шахси ўрнатилган. Дастлаб вайроналар остида 41 киши қолган бўлиши мумкинлиги таъкидланган эди.

Чуприяннинг айтишича, буёғига воқеа жойида муҳандислик-қурилиш ишлари олиб борилади.

Россия тергов қўмитаси воқеа юзасидан “Эҳтиётсизлик туфайли 2 ва ундан ортиқ кишининг ўлимига олиб келиш” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатган. Воқеанинг асосий сабаби сифатида маиший газ портлаши тахмин қилинмоқда. Воқеа жойида портловчи моддалар излари аниқланмаган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид